Андижонда

Асака туманидаги “Юқори Бўз” МФЙда ҳам автоматлаштирилган истеъмол назорат баланси йўлга қўйилмоқда


29.04.2025   765

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан “Паркент-Шовот” тажрибаси Республиканинг барча вилоятларига татбиқ этилмоқда. Асака туманининг “Юқори Бўз” маҳалласида ҳам мана шу тажриба асосида иш олиб борилмоқда. Ҳозирда МФЙ ўрамидаги ҳар бир хонадонга замонавий регуляторлар ва энергия тежовчи газ жиҳозлари ўрнатилмоқда. Маҳалланинг кириш қисмида умумий газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, барча кўчаларда автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилиш жараёни якунига етказилмоқда.

“...Мазкур намунали уйларда ҳисоблагичларимиз хонадонларни ички қисмига ўрнатилган бўлиб, уларни назорат қилишда қийинчилик туғдирарди, - дейди “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Улуғбек Зулфиқоров. – Икки босқичли тизимга ўтказиш жараёнида барча ҳисоблагичлар уйларнинг ташқи қисмига, яъни кўча томонга қайта ўрнатилмоқда. Бу эса бизни ходимларга ҳисобдонларни кузатиш, уларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширади..”

Лойиҳа доирасида “Юқори Бўз” маҳалласидаги мавжуд намунавий тарзда қурилган уйлар тўлиқ икки босқичли тизимга ўтказиляпти ва барча газ ҳисоблаш ускуналарига қўшимча регуляторлар ўрнатиляпти. Бу эса газ таъминоти хавфсизлигини ошириб, аҳолини бир меъёрда “зангори ёқилғи” билан таъминлашга ва истеъмолчиларнинг харажатларини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, маҳалладаги 3 километрлик қўшқатор газ тармоқлари ягона тармоққа бирлаштирилди. Мавжуд 5 та эски газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилиниб, ўрнига замонавий инсон омилисиз бошқарилувчи ГТП ўрнатилди. Мазкур амалиёт натижасида 300 минг метр кубдан ортиқ табиий газ тежаб қолиниши режалаштирилган.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати