Асака туманининг Бўзариқ маҳалласида истеъмолчиларнинг газ таъминотидаги муаммолари ўрганилди

20.06.2025 175
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ бўйича ўрибосари Сардорбек Нурматов Асака туманидаги “Бўзариқ” маҳалласида бўлиб истеъмолчиларнинг газ таъминотидаги муаммолари билан танишди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва бошқа тегишли ташкилотлардан келган мурожаатлар сони ва мазмунига кўра таҳлиллар амалга оширилиб шу асосда аҳоли фирклари ўрганилди.
Дастлаб “Бўзариқ” маҳалласидаги истеъмолчиларнинг хонадонларида суюлтирилган газ таъминоти, маиший газ баллонлар бўйича суҳбатлар ўтказилди. Мазкур маҳаллада бугунги кунда 752 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари истиқомат қилади ва йил бошидан бери маҳалла аҳлига 50 тоннага яқин газ етказиб берилган. Аҳоли вакиллари билан учрашув давомида ҳар бир хонадонда онлайн тизим асосида етказиб берилаётган газнинг истеъмолчига етиб бориши, газдан фойдаланиш қоидалари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, ис гази ва унинг оқибатлари, ID карталарнинг аҳамиятлари ҳақида ҳам тушунчалар тақдим этилди. Шунингдек, маший газ баллонларидан фойдаланиш қоидалари амалда кўргазмали тарзда тушунчалар билан янада бойитилди.
“Тўғриси мана шундай иссиқ кунларда хизмат қилаётган йигитларга раҳмат. Кун ҳароратини кўриб турибсиз, ками 45-50 градус. Бу иссиқда газ баллонларини уст қисми ҳам қизиши табиий. Мана шундай ҳолатда ҳам газларимизни ўз вақтида етказиб беришяпти”, - дейди “Бўзариқ” МФЙ “Узун” кўчаси 136-уйда яшовчи Нодирбек Хўжамбердиев.
Мазкур учрашув давомида аҳоли вакилларини мурожаатларини тинглаш ва ечим излаш, оғир ҳудуд бўлган маҳаллани янада ривожлантиришга вилоят ҳокимлигидан вакил қилинган Чаросбек Яшаров ҳам иштирок этди ва газ тарқатилиш жараёнлари билан танишди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати