Андижонда

Асака туманининг “Бўзариқ” ва “Арғин” маҳаллаларида сайёр қабуллар бўлиб ўтди


10.07.2024   1869

Сўнгги йилларда фуқаролар билан очиқ мулоқотнинг юзага келиши ҳудудларда тўпланиб қолган муаммоларнинг ижобий ечимини таъминлашга, шу орқали аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Ҳамюртларимиз мурожаат орқали узоқ йиллардан буён ҳал бўлмай келаётган ёки кундалик ҳаётимизда юзага келган масалалар юзасидан саволларига жавоб олиш имконига эга бўляптилар. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, аҳоли фикрлари мавжуд камчилик ва муаммоларнинг ўз вақтида бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг талаб ва истакларини ўз вақтида амалга ошириш имконини беради.

Асака туманининг “Бўзариқ” ҳамда “Арғин” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан сайёр қабул ўтказилди. Унда туман газ таъминоти бўлими бошлиғи Улуғбек Зулфиқоров истеъмолчилар билан учрашиб, суюлтирилган газ таъминоти, маиший газ баллонлар ҳамда бошқа тегишли масалалар юзасидан муаммоларни ўрганди.

Дастлаб “Бўзариқ” маҳалласи фуқароларининг суюлтирилган газ таъминоти борасидаги муаммолар тингланди. Унда 60 дан ортиқ маҳалла фаоллари ва истеъмолчилар мурожаатларига қулоқ тутилди. Таъминотда суюлтирилган газ етказиб беришдаги муддатнинг бироз чўзилганлиги, ID карталар ишлаш тартиби, маиший газ баллон олиш ва бошқа йўналишдаги саволлар бўйича масъулларнинг тушунча ва тавсиялари эшитилди.

“Бўзариқ” маҳалласининг “Узун кўча” кўчасида яшовчи фуқаро Қаҳрамон Бобохонов суюлтирилган газга мослаштирилган ҳудудда яшаётганлиги сабабли аввалги ойларда газ етказиб бериш кечикиб келганлигини айтиб, суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилиши бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Фуқаронинг мурожаати бўйича суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи заводларда куз-қишга тайёргарлик ишлари амалга оширилган вақтда тўла қувватда ишламаганлиги сабабли таъминотда узилишлар кузатилганлигини ва бундан буён узилишлар бўлмаслиги ҳақида истеъмолчига тушунчалар берилди.

“Тўғрисини айтаман, авваллари маҳалламизга ҳеч бир раҳбар ташриф буюрмаганди. Бугун туман газни бошлиғини ўзи келиб, муаммоларимизни тинглагани жуда маъқул иш бўлди. Дардларимизни айтдик, муаммолариз тингланди, эринмасдан ҳар биримиз билан суҳбатлашди. Суюлтирилган газ билан боғлиқ ҳамма масалаларимиз ечилди”, - дейди маҳалла оқсоқолларидан бири Абдуваҳоб ота Иминов.

“Арғин” маҳалласида давом этган сайёр қабулда ҳамсуюлтирилган газдан фойдаланиш қоидалари, маиший газ баллон ва ID карталар олиш тартиби, таъминот муддати, назорат тарозилари ҳақида йиғилганларга батафсил маълумотлар тақдим этилди.

“Оилам катта, икки ўғлим, набираларим, чол-кампир битта уйда турамиз, - дейди “Арғин” МФЙнинг “Арғин” кўчасида истиқомат қилувчи Фазлиддин Абдуллаев. – Иккита баллонимиз бор. Лекин картамиз битта эди. Шунга иккинчи карта олиш бўйича мурожаат қилдим. Раҳмат, мурожаатимни тумангазга борсам ҳал қилиб беришларини айтишди. Карта ҳам керак эмас экан. Ўша картамга жон сонини киритиб қўйса, шу битта картани ўзига иккита баллонни алиштирсам бўларкан. Шуларни келганига раҳмат, масалам ҳал бўлди, ишим осон кўчди...”

Шунингдек, туманнинг “Муқими” маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар билан ҳам учрашилди. Учрашув давомида табиий газдан оқилона фойдаланиш, уни тежаб ишлатиш асносида иқтисод қилишга эришмоқлик, тежамкорликка асос бўлувчи омиллар ҳақида фуқароларга тавсия ва тушунчалар берилди.

Сайёр қабулларда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вакили Мирсултон Мансуров иштирок этди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати