Атрофга назар

АСАКАДА 33 МИНГДАН ЗИЁД ХОНАДОНГА ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИЛДИ


21.01.2023   170

Қишнинг изғиринли кунларида ҳам газ соҳаси ходимлари аҳолига бир маромда суюлтирилган газ етказиб беришда давом этишмоқда. Зеро, бу кунларда аҳолининг маиший эҳтиёжларини қондиришда ва табиий газ етиб бормаган ҳудудларда истеъмолчилар учун суюлтирилган газнинг ўрни беқиёс.

“Туманимизда 50 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, ҳозирда уларга ўртача 35-40 кун оралиғида газ етказиб бермоқдамиз. Бугунги кунгача 660 тонна газ етказиб берилди, бу эса салкам 33 мингта хонадон газ билан таъминланди, демакдир. Ўтган 2022 йилда эҳтиёжманд оилаларга 193 дона маиший газ баллонлари етказиб берилди. Суюлтирилган газ ID карталардан фойдаланган ҳолда онлайн тизим орқали етказиб бериш қатъий назоратга олинган,” – дея хабар берди “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлимининг суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати бўлими бошлиғи Сардорбек Турғунов.

Асака туманидаги “Чек” маҳалла фуқаролар йиғинида 1583 нафар истеъмолчи туман газ таъминоти бўлими томонидан суюлтирилган газ билан таъминланиб келмоқда. Истеъмолчиларда 2132 дона маиший газ баллонлари мавжуд бўлиб, уларнинг баллон билан таъминланганлик даражаси 134 фоизни ташкил этмоқда. Йил бошидан бери маҳалла аҳлига 18 тоннаю 880 килограмм газ етказиб берилди. Аномал совуқ кунларида ҳам истеъмолчиларга газ етказиб бериш чоралари кўрилмокда.

“Газчи йигитларга ҳам раҳмат, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демасдан газимизни ўз вақтида етказиб беришяпти, - дейди маҳалланинг “Интилиш” кўчаси 222-уйда яшовчи Маҳфузахон Жумабоева. – Маҳаллага келин бўлиб тушганимга 40 йилдан ортди. Авваллари, совуқда ҳам овқатни печка ёки ўчоқда, кўзимиз тутунларга тўлиб овқат қилардик. Ҳозир мана келинимга мазза, қорайиш ёки тутун ҳидлаш йўқ, ошхона ҳам покиза. Газимизи ўз вақтида олиб келаётганлари учун барчасига раҳмат..”

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати