Андижонда

АСАКАДА САЙЁР СУД: ХАТОСИДАН ХУЛОСА ЧИҚАРГАНЛАРГА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ ҚЎЛЛАНИЛДИ


29.09.2022   459

Кечиримлилик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби фазилатлар халқимизга хос эзгу хислатлардан. Бу жиҳатлар қонунчиликда ҳам ифодасини топган. Жумладан, суд томонидан жазога тортилган, аммо қилмишларидан етарлича хулоса чиқариб, ҳаётини фақатгина яхши ишларга бағишлашга аҳд қилган ва буни амалда намоён эта бошлаган маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкин.


Куни кеча жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам суд ҳукми билан белгиланган мажбуриятларни бажариш чоғида барча тартиб-таомилларга қатъий амал қилиб, намунали хулқ-атвори билан эътиборга тушган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлаётган бир гуруҳ шахсларга ана шундай қонуний енгиллик берилди.

Сайёр суддан сўнг ўтган мулоқотда суд раиси Раҳматилло Раҳимов ҳар бир инсон ўзида ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятни, қонунларга итоат ҳиссини қатъий шакллантириб, амал қилиб яшасагина, жамиятда доимо ўз ўрнини топишини ҳаётий мисоллар асосида қайд этди.