Асакалик истеъмолчилар ҳам суюлтирилган газни FaceID тизими бўйича олмоқдалар
14.10.2025 122
Асака туманидаги “Қўнғирот” маҳалла фуқаролар йиғини ўзнинг узумлари билан донғи чиққан қишлоқлардан. Мазкур МФЙ ўрамида 1 264 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари истиқомат қилишади. Туман газ таъминоти бўлими томонидан маҳалла аҳлига 1414 дона маиший газ баллонлари ижара шартнома асосида тарқатилган.Аҳолининг маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 111 фоизни, истеъмочиларга суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги эса 40-45 кунни ташкил этмоқда.Ўтган давр мобайнида маҳалла аҳлига 176 тонна 960 кг газ етказиб берилган бўлиб, белгиланган режа 100 фоиздан ортиғи билан бажарилмоқда.
“Шукр газларни ўз вақтида етказиб беришяпти. Авваллари 60-70 кунда келган кунлар ҳам бўларди, ҳозир 40 кунга ҳам бормаяпти,- дейди истеъмолчилардан бири Турғуной Асқарова. – Ҳозир кунда икки-уч маҳал қозон қайнатамиз, чой қўямиз. Газ идораси ходимларига раҳмат. Баллонимиздаги газ тугагунга қадар етказиб келишяпти ва ўрнида бошқа газ тўла баллонга алмаштириб беришяпти. Барака топишсин.”
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан суюлтирилган газ етказиб беришдаги янги тажриба амалиётга татбиқ этилган ва мазкур ишлар биринчилардан бўлиб Андижон вилоятида бошланган эди.Бунда ҳар бир чилангар махсус планшетлардан фойдаланган ҳолда истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериши кўзда тутилган.Мазкур планшетларда “E-gaz” дастури интегрaция қилиниб, истеъмолчининг қачон суюлтирилган газ олганлиги ҳақидаги маълумотлар смс хабарнома орқали истеъмолчига ва Жамиятнинг махсус базасига маълумот узатиб боради. FaceID тизими бўйича аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш Асака туманида ҳам ишга туширилди ва бу тажриба аҳолига маъқул келмоқда.
“Қўнғирот”ликлар ҳам янги тизимнинг иш бошлаганидан мамнун. Улар ҳам энди газ етказиб бериш вақтида оила аъзоларидан бирон кишини қатнашиши талаб этилиши керак бўлишини тушундилар. Шунингдек, чилангарлар томонидан газ етказиб беришда маиший газ баллонлардан фойдаланиш қоидалари бўйича тавсиялар олмоқдалар.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
