Андижонда

Асакалик маҳалла газчилари ҳам аниқ вазифа асосида ишламоқдалар


03.10.2025   31

Маълумки, газ таъминоти тизимида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг афзаллиги шундаки, истеъмолчи энди сарсон бўлмайди, газ билан боғлиқ муаммоси бўлса, маҳалласига бориб, ҳудудга бириктирилган газчи кўмагидан фойдаланади. Шу билан бирга, вақт йўқотишларнинг олди олинади.

Шуҳратбек Маҳмудов 16 йилдан буён “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Ходимга тумандаги “Дастурхончи” ва “Қипчоқ” маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ушбу маҳаллаларда жойлашган ҳовли уйлардаги истеъмолчилар сони жами 1 минг 760 тани ташкил этади.

“...Маҳалладаги ҳар бир хонадонга табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш ва бошқа зарур қоидалар бўйича огоҳлантириш бериб келяпмиз, - дейди маҳалла газчиси Ш.Маҳмудов.- Шу билан бирга истеъмолчиларнинг газ билан боғлиқ мурожаатларини ўрганамиз, камчиликлар аниқланганда бартараф этиш чораларини кўрамиз. Ишимиз жуда масъулиятли ва жонкуярликни талаб этади. Қийинчиликларга қарамай, шу соҳада иш олиб бораётганимдан хурсандман. Бугун ҳам “Қипчоқ” МФЙ ўрамидаги 20 га яқин хонадоннинг газ ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммоларини ўргандим ва бартараф қилдим...”

Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Hudud mobile” дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳар бир маҳалла газчисига кунига 20 донадан топшириқлар келади. Топшириққа кўра, маҳалла газчиси аниқ вазифа асосида ўз ишини ташкил этади ва бу бўйича белгиланган манзилларга бориб, муаммоларни бартара этиш чораларини кўради. Алоқага чиқмаётган электрон газ ҳисоблаш ускунаси, уларнинг сим картаси ёки қувватлагичларидаги муаммолар истеъмолчи кесимида маълумот сифатида берилади. Маҳалла газчиси эса ана шу муаммоларни бартараф этиб, унинг ечилганлиги ҳақида дастурга маълумотларни киритади. Бу ҳам маҳалла газчисининг ишларини маълум бир маънода енгиллатиш, аниқ вазифа асосида ишлаш учун кўмак бўлмоқда.


“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати