Андижонда

АСРЛАРНИ БЎЙЛАГАН ЖАЛАҚУДУҚЛИК ТАБАРРУК МОМОЛАР


05.03.2022   656

Ширмонхон момо Холмирзаева бу йил 102 баҳорни кутиб олмоқда.

У оилада садоқатли жуфти ҳалол, бетакрор уй бекаси, меҳрибон она бўлди. Бугунги кунда фарзандларига миннатдорлик туйғуларини, севинчларини улашиб келаётган буви сифатида ардоқланади. Унинг йўл-йўриқлари асосида иш ўрганиб, тажрибаларига амал қилиб фаолият кўрсатаётган набиралари бир-биридан қолишмайди.

– Беш нафар фарзандим,қирқдан ортиқ набирам бор. Улар хизматимни ортиғи билан бажармоқда. Халқимизда "Қадр кўрсатган – қадр топади", деган нақл бор, – дейди ая. – Кексаликнинг ўзига яраша гашти, ҳузур-халовати бор, албатта. Фарзанду набиралар қўлларини кўксига қўйиб "Лаббай, энажон", дея хизматга шай туришлари, келин-қизларнинг тансиқ таомлари, ҳовли-жойларни озода тутишлари, ёшларнинг ҳурмат-эътибори ва эъзозлашларини кўриб, шундай фаровон кунларда кексалик неъматини берган Яратганга чексиз шукроналар айтаман.

Марҳабо она Камолова ҳам қутлуғ 102 ёшга етди.

Уч қиз, бир ўғилни жамиятга нафи тегадиган, билимли инсон қилиб вояга етказди. Ёшлик чоғидан жамоа хўжалигида далада ишлади. Ҳалол меҳнат орқасидан ҳалол нон ейиш ҳаёти мазмунига айланди.

–Ҳожи она, ҳаққимизга бир дуо қилинг, биз ҳам юртимиз ва халқимизга хизмат қилиб, элнинг ҳурматига мушарраф бўлиб, сиздек нуроний бўлиб юрайлик, деганларида кўзларимда ёш қалқийди. Ҳаётимдан чексиз миннатдорман. Сизлар ҳам менинг ёшимга етиб юринглар, болаларим! – дейди Марҳабо она.

Қундузхон момо Хамдамова бу йил 103 ёшни қаршилади.


8 та фарзанднинг дуогўй нуронийси. Момо ҳамиша болаларига ҳалол луқма беришга ҳаракат қилган. Ҳаётнинг аччиқ ва ширин томонлари бор - баридан татиб кўрди.

– Худойим улуғ умр берди, беадад шукр, – дейди Қундузхон момо.Инсон ҳаёти мевали дарахтгақиёс этилади. Чунки дарахт бир мавсумнинг ўзида куртаклар тугади, гуллайди, кўпдан-кўп мевалар қилади. Кексалик эса худди мевалари пишган боққа ўхшайди. Унинг ҳар бир мевасига сабоқлари, кечмишлари сингиб кетган. Ёшлар улардан доимо баҳраманд бўлишса, асло кам бўлишмайди.