Атрофга назар

АТРОФДАГИЛАРНИНГ ГАПЛАРИГА ЭЪТИБОР БЕРМАГИН


18.07.2022   256

Бир боланинг пойабзали денгизга тушиб йўқолди. Соҳилда қумларга шундай ёзди: "Бу денгиз - ўғри"...

Бироз нарироқда балиқчи тўрига мўлгина илинган балиқни қирғоққа тортиб чиқди ва қумларга ёзди: "Бу денгиз – жўмард"...

Бир йигит денгизга чўкиб кетди. Фарёди фалакка ўрлаган она қумларга дод деб битди: "Бу денгиз – қотил"...

Кекса балиқчи каттакон инжуни қоплаган чиғаноқни тортиб олди ва соҳилга ёзди: "Бу денгизнинг қалби бой"...

Сув эса бир тўлқинландию, соҳилдаги ёзувларнинг барчасини ўчириб юборди. Денгиз сукунат ва хушуъ билан шундай деди: "Агар денгиз бўлмоқчи эсанг, атрофдагиларнинг сўзларига аҳамият бермагин!.."

Шу ҳикоятни Андижон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида дарс бериш жараёнларида ўқувчиларимга кўп айтиб бераман. Уларни юксак марраларга иштиёқини ошириш мақсадида фақат ўз фикрлари, интилишлари, қизиқишлари, билимлари билан юқори чўққиларни забт эта олишларини уқдираман. Негаки, кимнингдир ногоҳ "ўқиб олим бўлармидинг", деган биргина гапи ҳам орзуларини синдириши мумкин. Ён-атрофдагиларнинг фикри қачон муҳим? Қачонки, ташаббусларга, илмларга қанот берганда. Атрофдагилар ҳамиша ҳақ бўлавермайди. Кимдадир ҳавас бўлса, кимдадир ҳасад устун. Мана шу мезонни ҳам педагог, ҳам она сифатида ўғил-қизларимга тушунтираман. Уларнинг аниқ ва эзгу мақсадлари ҳақида тинглаб қувонаман.

Аслида ўқитувчининг ютуғи ўқувчиларига тўғри йўлни кўрсата олганида, юксак марралар сари етаклаганида эмасми?!

Зуҳра Махсудова.