Андижонда

АЁЛИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ


04.04.2023   166

Олтинкўл туман ҳокимлиги Оила ва хотин қизлар бўлими ташаббуси билан ҳудуддаги моддий, маънавий кўмакка муҳтож оилалар хотин-қизлари учун тадбир ташкил этилди.

Хотин-қизларни қадрлаш ва уларга ҳурмат, эътибор, эҳтиром кўрсатиш миллатимизнинг кўзгуси, улар ҳар давр, ҳар даврада ардоқланишга муносиб. “Аёли эъзозланган юрт” мавзусидаги айни тадбирга туманнинг фахрий аёллари, лобар ва нафосатли хотин-қизлари таклиф этилди. Йиғилганларга узоқ йиллар туман равнақига фидойи меҳнатлари билан ҳисса қўшиб, ҳозирда кексалик гаштини суриб келаётган М. Хамдамова, З. Араббаева, Р. Дарвишова, М. Аҳмедоваларнинг босиб ўтган намунали ҳаёт йўллари ибрат сифатида кўрсатилди.

-Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, уларнинг жамият ва оиладаги мавқени янада оширишдир, - дейди туман ҳокимлиги Оила ва хотин қизлар бўлими бошлиғи Муқаддасхон Султонова. – Шу билан бирга тадбир давомида қатнашчиларга Янги Ўзбекистоннинг янгиланган конституцияси, унинг мазмун-моҳияти, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган модда ва нормалар ҳақида маълумотлар беришга ҳам ҳаракат қилдик. Бош Қомусимизга киритилаётган барча ўзгаришларнинг негизида Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи “Инсон қадри учун” улуғвор ғояси ётганлиги, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун асосида ҳимоя қилишга қаратилганлигини алоҳида тушунтирдик.

Жажжи болажонларнинг шўх рақслари, қўшиқлари барчани бирдек ҳушнуд этди. ҚАйнона ва келин муносабатлари акс эттирилган саҳна кўринишлари ҳаётий масалаларни ойдинлатиб беришга хизмат қилди.

Якунда фаол хотин-қизлар туман ҳокимлиги томонидан ташаккурнома билан тақдирландилар.

З.РАҲМОНОВА