Андижонда

“АЙТГАНИМНИ ҚИЛМАСАНГ, КУНИНГНИ КЎРСАТАМАН!” – МАНФААТ ИЛИНЖИДА ТАНИШИНИ НОМАҚБУЛ ИШЛАРГА МАЖБУРЛАГАН АЁЛГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ


31.03.2022   642

Давлат одам савдосидек жирканч иллатга қарши аёвсиз курашаётган, жамоатчилик ҳушёрликка чорланаётган бўлса-да, айни турдаги жиноятларнинг қайд этилиши кўнгилни хира қилади. Зотан, бундай номақбул ишларнинг биттаси ҳам кўп – мавжуд маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатишга шунинг ўзи ҳам етиб ортади. Андижон шаҳрида содир этилган айни турдаги жиноят сўзимизга яққол исбот.

Хуллас, оилали ва уч фарзанднинг онаси бўлмиш Малика Халилова (исм-шарифлари ўзгартиртилди) Замира исмли қиз билан танишиб қолади. Уни “вояга етмаган болаларимга қарашиб туринг, хизмат ҳақини бераман!” деган алдов билан шаҳарнинг Ҳамкорлик маҳалласида жойлашган квартирасига олиб келади. Маликанинг асл нияти бошқа – Замирани пул эвазига ўзи танийдиган эркакларга қўшиб бериш эди. Бир амаллаб жирканч мақсадига етди ҳам: қизни дўқ-пўписа ва қўрқитишлар билан фоҳишаликка ёллади. Ҳатто унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини-да олиб қўйди. Бора-бора бу ҳол одат тусига киради ва Маликанинг Замиранинг устидан бошлаган савдоси қизигандан қизиб боради.

Савол туғилиши табиий: нима, Замира шу қадар иродасиз ва қўрқоқ эканми? Ҳа, баъзан андиша, шарманда бўлишдан қўрқишдек ички туйғу қатъиятсиз ва иродаси сустроқ одамни жирканч вазият хусусида оғиз очмасликка ундайди. Йўқса, М.Халилованинг уйидан икки бор қочиб кетган қиз қўрқитилса, яна қайтиб келармиди? Малика ҳам Замиранинг табиатидаги айни шу жиҳатни илғаб, бундан устомонлик билан фойдаланганини сезиб турган бўлсангиз керак.

Аммо куни келиб бу хўрликлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ошкор бўлди. Замиранинг бўлаётган воқеликлар тўғрисидаги аризасидан сўнг номақбул хатти-ҳаракатларга чек қўйилди.

Суд масалани атрофлича ўрганиб, М.Халиловани Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг “а,б,д,и” бандлари билан айбли деб топди ҳамда унга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, икки йил синов муддати белгиланди.

Энди у синов даврида яшаш жойи ўзгартирса, бу ҳақда хулқини назорат қилиб борувчи органга хабар бериши, кафе ва барлар, кўнгилочар жойларга қадам қўймаслиги, соат 22 дан эрталабки 6 гача бўлган вақтларда уйидан ташқарига чиқмаслиги шарт.

Дейлик, суд томонидан юкланган мажбуриятларни бажармаса, нима бўлади? Жамоат тартиби ва меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса-чи? Юқоридаги ҳолатлар қайд этилса, суд унинг хулқи устидан назоратни амалга оширувчи орган тақдимномасига асосан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. Бунисини энди вақт кўрсатади.

Зарифжон Раҳимов,

жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани суди судьяси