Атрофга назар

Бағрикенглик – тинчлик гарови


06.03.2026   55

Арман миллий маданий маркази вилоят бўлимининг сўнгги беш йилдаги фаолияти якунларига бағишланган навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Конференция очиқ мулоқот руҳида ўтиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда миллатлараро тотувликнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даври миллатлараро муносабатлар соҳасидаги туб ислоҳотлар билан тарихда қолди. Хусусан, Бош Қомусимиз ҳамда 2025 йил 25 февралдаги диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси ушбу йўналишдаги ишларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 19 мартдаги Фармони хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани эътироф этилди.

Ҳисобот маърузасида қайд этилганидек, ўтган 5 йил давомида Марказнинг вилоят бўлими ҳудуддаги ижтимоий-демократик жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бугунги кунда Андижонда истиқомат қилаётган 300 нафардан зиёд арман миллатига мансуб фуқаронинг миллий ўзлигини сақлаш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш Марказнинг асосий вазифаси этиб белгилангани қайд этиб ўтилди.

Фаолиятнинг муҳим ютуқлари сифатида 2022 йилда Андижонда илк бор маънавий янгиланиш рамзи бўлган “Вардавар” миллий байрами ташкил этилганига урғу берилди.

Шу билан бирга, ҳар йили “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида вилоят миқёсида 50 дан ортиқ илмий-амалий ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилганига эътибор қаратилди.

Конференцияда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, фаолиятни янада такомиллаштириш йўлидаги долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Арман миллий маданий маркази
вилоят бўлими.