Атрофга назар

БАҲОР ВАСФИ


22.02.2022   461

Майин эсаётган шаббода димоғингизга ажиб исларни олиб келдими? Демак, Баҳор эшик қоқмоқда. Табиатнинг уйғониш иси, дошқозондаги сумалак ҳидига қоришиб, кўклам нафасини бутун оламга таратмоқда. Шамоллар эпкини бу ёқимли бўйларни гоҳу ёққа, гоҳ бу ёққа тебратиб, гўё борлиқни огоҳлантираётгандек. Уйғонинг, эй гўзал диёр, юз очинг, кенг далалар, ўлкамизга баҳор бор латофати ила, жамики гўзалликлари билан бирга кириб келмоқда. Ернинг тафти, қушларнинг сайроғи, бутун борлиқнинг ўзгача васфию нафислиги бирла кўкламойим келмоқда. Ҳадемай дарахтлар оппоқ нафис гулларга бурканади. Болаларнинг қийқириқлари осмонда ҳилпираётган варракларга жўр бўлади. Деҳқоннинг кетмони ерни қўмсади, худди дошқозонлар сумалак соғингани каби. Қуёш зарралари ҳам ўзгача нур таратмоқда бу кун. Майсалар рангига куч, дарахтлар куртагига жон бахш этаётгандек. Атрофда ўзгача шукуҳ, қизалоқлар бошида мажнунтол сочпопуклари. Баҳорнинг пок, дилларга хуш ёқувчи, ёқимли ҳавоси жамики дардга даво бўлгувчи, қалбга ором бағишловчи, дилларни қитиқловчи хусусиятга эга. Беморларга шифо, танга сиҳатлик бағишлайди кўклам нафаси. Бор гўзалликлари билан бирга ўзини намоён қилади. Ҳар дами ёқимли, ҳар тонги нафис. Баҳор куйчиси Зулфияхоним васф этганидек: Салқин саҳарларда, бодом гулида, Бинафша лабида, ерларда баҳор. Қушларнинг парвози елларнинг нози, Бахмал водийларда, қирларда баҳор.