Андижонда

«БАҲРИДДИН ОТА ХОНБАЛИFИ»НИНГ ХАРИДОРЛАРИ КЎП


05.09.2023   104

Юртимизда бизнесга, тадбиркорликка эътибор ошгандан ошиб боряпти ва бу ҳол ўз ишини очган ва йўлга қўйиб олганлар фаолиятида тобора бўй кўрсатмоқда. Йўналишлар кўп, ташаббуслар дунёча. Улар орасида балиқчилик ва шу орқали дам олиш маскани фаолиятини йўлга қўйганларнинг алоҳида ўрни бор.

Маълумки, организмнинг фойдали элементларга бўлган талабини қондиришда балиқ маҳсулотларининг ўрни беқиёс. Соғлом овқатланиш масаласи кун тартибига чиққан бугунги даврда одамларимизнинг ушбу маҳсулотга бўлган талаби ортиб бораётгани қувонарли. Мавжуд талабни қондириш учун Улуғнорда амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам оз эмас.

«Баҳриддин ота хонбалиғи» масъулияти чекланган жамиятида ташкил қилинган балиқхона - дам олиш маскани лойиҳаси 5 миллиард сўмдан иборат эди. Тадбиркор Асадулло Ўриновнинг ўз маблағлари эвазидаги лойиҳа 2021 йилда ишга тушган.

Бу ерда катта ва кичик ҳовузлар — бассейнлар ташкил қилинган. Интенсив ва ярим интенсив усулда етиштирилаётган балиқлардан ҳамда тамаддихона фаолиятидан миллионлаб даромад олиняпти. Тадбиркор ҳар бир бизнес илмга таяниши, балиқчилик соҳасида ҳам илмсиз бирор натижага эришиб бўлмаслигини яхши билади.

- Балиқнинг фойдали жиҳатлари ҳақида исталганча гапириш мумкин, - дейди тадбиркор А.Ўринов. - У инсон организмини тозаловчи, суяк ва тишларни мустаҳкамловчи шифобахш таом сифатида қадимдан севиб истеъмол қилинади. Айниқса, тез ҳазм бўлиши ва парҳезбоплиги балиқнинг қийматини янада оширади. Бу ерда балиқни ўзимиз етиштирамиз ва шу балиқлардан таом тайёрлаймиз.

Дам олиш масканида жами 7 хил балиқ мижозларнинг хоҳишига қараб пишириб берилади. Ўзлари тайёрлашни истаган шинавандалар учун ҳам ҳар бир ўтов ёнига қозон-ўчоқ ва қулайлик яратилган.

Айтганча, масканда 50 га яқин алоҳида хоналар, сўрилар ва ўтовлар қурилган. Улар ҳамиша меҳмонлар билан гавжум. Бир мавсумнинг ўзида 15-20 минг кишига хизмат кўрсатувчи ушбу ҳордиқ жойида балиқдан ташқари ўрдак, ғоз, курка, бедана, чумчуқ ҳамда каптарлар ҳам турли усулларда пиширилиб, дастурхонга тортилади.