Андижонда

Балиқчи туманида йил давомида 6 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди


07.12.2023   572

Бугун халқимизнинг маиший ҳаётида табиий газ билан биргаликда суюлтирилган газнинг ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг шаҳар-туман бўлимлари томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда барча зарурий ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ҳаракатларнинг натижами ўлароқ эса, жорий йил нинг ўтган 11 ой давомида истеъмолчиларга 77 минг 502 тонна газ етказиб берилди. Бу эса 3 миллион 875 мингдан ортиқ хонадонга маиший газ баллонлари кириб борди, деганидир. Суюлтирилган газ етказиб бериш баробарида, истеъмолчилар орасида маиший газ баллонлари ва суюлтирилган газдан тўғри фойдаланиш бўйича ҳам тушунчалар берилмоқда.

Балиқчи туманининг “Халфачек” маҳалла фуқаролар йиғинида 347 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари истиқомат қилади. “Балиқчитумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан ушбу МФЙда ҳам “маҳаллабай” тизимида иш ташкил этилган бўлиб, ҳар ойнинг белгиланган санасида суюлтирилган газ етказиб берилади. Шу кунга қадар, 55 тоннага яқин суюлтирилган газ етказиб берилди ва таъминот 110 фоизга бажарилди. Маҳалла аҳлининг 679 дона маиший газ баллонлари бўлиб, шундан 400 донаси таъминотчи корхона томонидан тарқатилган.

“Суюлтирилган газ етказиб беришдан бўш вақтларда уйма-уй юриб истеъмолчиларга газ хўжалигидан тўғри фойдаланиш қоидаларини тушунтириб бераяпмиз. Ҳар бир истеъмолчи билан уй шароитидан келиб чиқиб суҳбатлашилмоқда. Ошхона, газ плитаси ва маиший газ баллонлар оралиқ масофаси, редуктор ва бошқа эҳтиёт қисмларидан тўғри фойдаланиш кабилар уқтирилмоқда” – дейди “Балиқчитумангаз” газ таъминоти бўлимининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш бўлими мутахассиси Темурбек Аҳмадалиев.

Бугун туманда 30 960 та суюлтирилган истеъмолчилари истиқомат қилишмоқда. Йил бошидан бери истеъмолчиларга 6 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди. Балиқчилик истеъмолчилар суюлтирилган газ билан таъминланиш билан бирга, ундан тўғри ва оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар олмоқдалар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати