БАЛИҚЧИДА МАКТАБ ЖАМОАСИ УЛКАН ОШҚОВОҚ ЕТИШТИРДИ
09.08.2024 1891
Барчамиз Зулфиқор Мусоқовнинг “Абдуллажон” комедия фильмини томоша қилганмиз. Фильмда катталиги уйдек тарвузларни кўриб беихтиёр "бўлиши мумкин эмас, бу кинода”, дея ҳайратимизни кулгуга йўйганмиз.
Киноку ўз йўлига, лекин ҳаётда бунинг исботини кўриб, ҳайратланмай иложингиз йўқ.
Аммо, мана бу 60 килограмгача оғирликка эга бўлган катта қовоқлар эса, реал хаётимизда етиштирилиб, томонидан парваришланган.
Балиқчи туманидаги 1- умумтаълим мактаби ҳодимлари таълим масканининг бўш турган салкам бир сотихли майдонига қандай экин экиш борасида мунозара қилиб қолишди. Кимдир у деди, кимдир бу... Шу паллада мактаб директори Ўткирбек Мамажоновнинг таклифи барчага маъқул тушди. Ҳудудларидаги шўртупроқ майдонда хориждан келтирилган беда ва қовоқ уруғларини экишга келишиб оладилар.
Эрта баҳорда экилган беда ердаги шўрни тортиб, унинг қувватини янада оширди. Унинг ёнига экилган ошқовоқ баравж ривожлана бошланади. 120 кун оралиғида 35 кгдан 60 кг ча бўлган қовоқ пишиб етилди. Таъбир жоиз бўлса, бир донаси маҳаллани тўйдиради. Ҳамма ҳайратда.
Изланишлари ва меҳнатлари самарали якунланганидан қувонган мактаб жамоаси янги ниятларни рўёбга чиқариш илинжида. Республикамиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умум миллий лойихаси доирасида амалга оширилаётган ишларда ташаббус билан иштирок этаётган жамоа вакилларининг иштиёқи баланд. Улар мўъжазгина майдондан олаётган даромадлари эвазига келгусида эртапишар, сархил мева кўчатларини экиб, худудларини янада обод қилишга астойдил бел боғлаганлар.
Элёрбек Мамажонов.