Байрам арафасида: Устозларнинг устози
02.05.2025 842
Ёши улуғ инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларнинг ибратли ҳаёт ҳикояларини тинглаш орқали болаларда катталарни эъзозлаш, уларга кўмаклашиш, қийинчиликлар олдида иккиланиб қолмаслик каби кўп фазилатлар кўникмаси шаклланиб боради. Шу боис, намунали ҳаёт йўлига эга нуронийлар билан тез-тез учрашувлар ташкил этамиз. Қолаверса, бу йўқловлар кексалар, фахрийларнинг кўнглини тоғдек кўтаради.

Хотира ва Қадрлаш куни арафасида ўзим раҳбарлик қилаётган 3-синф ўқувчилари билан туманимиздаги Дўрмонча маҳалласида яшовчи Юнусали ота Исроилов хонадонига кирдик.
95 баҳорни қарши олган Юнусали ота мактабда ўттиз йилдан ортиқ бошланғич синфларга таълим-тарбия берган ҳурматли устозларимиздан бири. Отахон болалар билан суҳбатлашиб, боладек яйрадилар. Уларга таълим соҳасидаги кечаги ва бугунги шароитларни содда ва равон тилда қиёслаб бердилар. Кўп китоб ўқиш, изланиш зарурлигини уқтирдилар.
Отахон боғдорчилик сирларининг усталаридан. Ўқувчиларни ўзи яратган узумзорга бошлаб, ерни севиш, у билан тиллашиш сирларидан сўзлаб берди. Меҳнат инсонни тарбиялайди дея, ўқувчиларга насиҳат қилди. Ўқувчилар “Устозларнинг устози,” дея Юнусали отанинг боғдорчилик ишларига ёрдам бердилар ва учрашувдан катта таассурот билан қайтдилар.
Хожира ИСМОНОВА,
Бўстон туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.