Атрофга назар

БАЙРАМЛАРИ БАЙРАМГА УЛАНГАН ВАТАН


16.03.2026   66

Жорий йилда халқимиз ҳаётида ўзига хос ва қутлуғ бир ҳолат юз бермоқда: муқаддас Рамазон ойининг якунида нишонланадиган Рамазон ҳайити ҳамда қадимий ва миллий қадриятларимиз тимсоли бўлган Наврўз байрами уйғунлик, ҳамоҳанглик касб этмоқда. Бу эса юртимиздаги маънавий муҳит, халқимиз қалбидаги бағрикенглик ва эзгу анъаналарнинг яна бир бор ёрқин намоёнидир.

Давлатимиз раҳбарининг “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари ташкил этилиши белгиланди.

Бу йилги Наврўз муборак Рамазон ҳайити байрами билан ҳамоҳанг тарзда нишонланиши унинг инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтиради. Кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун байрам дастурхонларини ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирлари кўлами янада ортади.

Рамазон ҳайити ислом оламида эзгулик, саховат ва бағрикенглик айёми сифатида кенг нишонланади. Ушбу қутлуғ кунлар давомида инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат мустаҳкамланади.

Наврўз байрами эса асрлар давомида халқимиз томонидан эъзозлаб келинаётган қадимий байрамлардан бири. У табиатнинг уйғониши, ҳаётнинг янгиланиши ва эзгу ниятларнинг тимсолидир. Наврўз кунларида юртимизда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, маҳаллаларда ҳашарлар ўтказилиши, миллий урф-одат ва анъаналаримизнинг намоён бўлиши халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Икки улуғ айёмнинг ҳамоҳанг нишонланиши халқимизнинг бой маънавий мероси ва юксак қадриятлари ўзаро уйғун эканини яна бир бор кўрсатади. Бу ҳолат юртимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сураётгани, халқимизнинг бирдамлик ва бағрикенглик тамойилларига содиқлигини намоён этади.

Бундай қутлуғ кунларда ҳар бир инсон қалбида шукроналик туйғуси устувор бўлади. Тинч ва осойишта юртда яшаш, меҳнат қилиш ва фаровон ҳаёт кечириш имконияти ҳар биримиз учун катта неъматдир. Ана шу неъматларни қадрлаб, юртимиз тараққиёти ва жамият фаровонлиги йўлида биргаликда ҳаракат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами юртимизга тинчлик, фаровонлик ва қут-барака олиб келсин. Бу қутлуғ айёмлар халқимиз қалбида меҳр-оқибат, бирдамлик ва шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамласин.

Таҳририят.