Атрофга назар

БЕНОМУСГА КУНДА ТЎЙМИ? ЁКИ ЖАМИЯТНИНГ ОҒРИҚЛИ НУҚТАСИ


30.08.2022   629

Жамиятда бир тоифа одамлар борки, моддий манфаат илинжида ҳеч қандай тубанликдан, ҳатто номусини барбод қилишдан-да қайтмаслик улар учун оддий ҳолга айланган. Яқинда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган Фарида Ортиқова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда Моҳира Фазлиддинова ҳам ана шундай шахслардан бири.

Хуллас, Моҳира шаҳардаги кафеларнинг бирида бошқарувчи бўлиб ишловчи Фарида билан иш излаб юриб танишиб қолганди. Фарида уни фаррошликка қабул қилди. Бу жараёнда янги ишчининг илгари судланганлигидан хабар топди, аммо айнан нима учун жазога тортилганлигига қизиқиб ҳам кўрмади. Шундай қилиб, иккиси бирга ишлай бошлашди.

Орадаги муносабатлар шу даражага етдики, кунларнинг бирида Фарида икки нафар эркакка Моҳирани қўшиб қўйди. Бунинг эвазига 350 минг сўмни қуртдай санаб олди. Аслида, ишсиз қолишдан қўрққан Моҳира раҳбари айтган юмушни бажаришга мажбур бўлган бўлса-да, ўзи ҳам фаришта эмасди. Ахир ор-номуси бор инсон пул учун дуч келган ишни қилавермайди-ку. Номус ўлимдан кучли, деган гап бекорга айтилганми?

Энг ёмони шундаки, Моҳирада 9 йил аввал ОИТС касаллиги аниқланган, шу боис бировлар билан яқинлик қилиши тақиқланган эди. Ундан ҳам ёмони эса Фарида бу ишлардан аллақачон хабар топганлиги-ю, шунга қарамай, Моҳирани мижозларга қўшқўллаб тутқазиш асносида унинг касал эканлиги ҳақида лом-мим демаганлиги-да...

Аммо қилмишлар барибир ошкор бўлди. Ҳар иккисининг содир этган жинояти қонун тарозисига солиб ўлчанди. Эндиликда улар умрининг беш йилини панжара ортида ўтказишга мажбур.

Беҳзод Турдиев,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг судьяси