Андижонда

Билимлар куни Мустақиллик, Тинчлик дарси билан бошланди


02.09.2025   61

Бугун таълим муассасалари билимга чанқоқ ёшларимизни яна ўз бағрига олди.

Андижон шаҳридаги 25-умумтаълим ўрта мактаби жамоаси янги ўқув йилини қувонч билан қарши олиб, “Биринчи қўнғироқ” тадбирини катта кўтаринкиликда ташкил этдилар.

Тадбирда мактаб директори Дилшодбек Қамбаров сўзга чиқиб, Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрами ва янги ўқув йили бошланиши муносабати билан барчани қутлаб, ўқувчиларга ўқишларида омад тилади.

Мазкур таълим масканида жами 930 нафар ўқувчи билим олади. Уларнинг 125 нафари мактабга илк бор қадам қўйган болажонлар. Ўтган ўқув йили натижаларига кўра 8 нафар битирувчи олий ўқув юртига ўқишга кирди. Тадбир давомида уларнинг ота-оналарига мактаб педагогик жамоасининг ташаккурномалари топширилди.

Тантанадан сўнг 1-синф ўқувчилари Президент совғаларини олиб, илк сабоқни бошладилар. Барча синфларда биринчи дарс мавзуси Мустақиллик, Тинчлик ҳақида бўлди.

Мактаб жамоаси маҳалла билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйган. Буни таълим даргоҳидаги бўш турган бино ўрнида қад ростлаган чевархона фаолиятидан ҳам кўриш мумкин. Ўқувчилар дарсдан ташқари вақтларида Барнохон Толибовадан тикиш-бичиш сирларини ўрганадилар. Шунингдек, ҳудуддаги тадбиркорларнинг буюртмаси асосида трикотаж буюмларини тикиб, меҳнатига яраша ҳақ ҳам олишади.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.