Андижонда

БИЛИМЛАР СИНОВИ БОШЛАНДИ


08.08.2022   357

8 август куни мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида тест синовлари бошланди. Синовлар очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилиши белгиланган.

Андижон шаҳридаги Халқлар дўстлиги спорт мажмуасида синовлар юқори савияда ташкил қилинмоқда. Қизғин ҳозирлик яратилган шароитларда ҳам акс этяпти. Синовлар ўтадиган ҳудудлар керакли анжомлар билан жиҳозланган. Вилоят ҳокимлиги ва тегишли ташкилотчилар томонидан тест синовларини белгиланган меъёрлар асосида тартибли ва кўтаринкиликда ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган.

Тест синовлари бошланиши олдидан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов Янги Ўзбекистон билимли, салоҳиятли ва ташаббускор ёшлар қўлида эканлигини алоҳида таъкидлаб, барча абитуриентларга омадлар тилади.

Назоратчилар саволлар китоби, жавоблар варақаси, илова ва шаклларни қандай тўлдириш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтдилар. Абитуриентлар ишонч билан жавоблар варақасини тўлдиришга киришдилар.

Давлат тест маркази вилояти бўлими етакчи мутахассиси Яҳёбек Қосимовнинг маълумот беришича, синовлар кунига икки сменада ўтказилади ва 1-смена 08:00 да, 2-смена 17:00 да бошланади. Минерал сув, қуёш нуридан ҳимояловчи бош кийим, ручкалар тахт қилиб қўйилган. Синовларга фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ва махсус рухсатномадан бошқа нарсалар, анжомлар олиб келган йигит-қизлар кириш ҳудудидан четлаштирилади.

2022\2023 ўқув йили учун Андижон вилоятида 69895 нафар йигит-қиз ўз билимларини синайдилар. Қисқа фурсатлардан сўнг ғалвир сувдан кўтарилади. Албатта, билим ўз сўзини айтади. Ўқиб-ўрганиб, изланган, тенгдошларидан кучлилигини исботлай олган ёшлар талабаликнинг олтин даврларига йўл олади.

Билимини, зеҳнини синаш учун имтиҳондан ўтаётган йигит-қизларга омадлар тилаб, салоҳиятли ёшлар сафи кўпаяверсин, деймиз.

“Andijonnoma.uz” online гуруҳи.