Атрофга назар

Бир йилда қанча таътил олишим мумкин?


23.11.2023   669

Ходим бир йилда қанча муддатгача ўз ҳисобидан таътил олиши мумкин?

Савол: дам олиш куни ҳам 12 соат ишлаган ходимга неча кун дам олиш куни бериладими? Агар ходимнинг иш вақти 6 соат бўлса-ю, ходим 12 соат ишласа, у иш вақтидан ташқари ишлаган деб топиладими?

Жавоб:

Меҳнат кодексининг 263-моддасига кўра, дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилинган тақдирда, бундай иш учун ҳақ тўлаш камида бир ҳисса миқдорида амалга оширилади, дам олиш куни учун эса ҳақ тўланмайди.

МК 190-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ошмаслиги керак.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, иш вақтингиз 6 соат бўлса, яна 6 соат иш вақтидан ташқари ишлай олмайсиз, чунки иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун сурункасига икки кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда — бир кунда икки соатдан) ошмаслиги керак. Яъни дам олиш куни 6 соат ишлаб, яна максимал 4 соат иш вақтидан ташқари ишлашингиз мумкин эди. Шунда жами 10 соат бўлади. Бу ҳолатда иш берувчи меҳнат қонунчилиги талабларини бузган. Лекин Сизга дам олиш куни ва иш вақтидан ташқари ишлаганиз учун камида 2 ҳисса ҳақ тўланиши керак. Ёки истасангиз, бошқа 1 кун дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин.

Савол: айтайлик, икки йил ишлаган ходим 2023 йил феврал ойида декретга, июн ойида эса меҳнат таътилига чиққан. Лекин унга ишлаган вақтига мутаносиб 6 ойга 12 кун меҳнат таътили берилган.

Ходимга меҳнат таътили тўлиқ 24 кун берилиши керак эмасми? Ва тўлови ҳам шунга муносиб бўлмайдими?

МК 228-моддасига кўра, иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили иш берувчи ва ходим учун мажбурий бўлган таътиллар жадвали билан белгиланадиган ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатига мувофиқ берилади.

Лекин МК 228-моддаси 4-қисмига кўра, айрим тоифа ходимларга, шу жумладан аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ходимнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили унга қулай бўлган вақтда берилиши керак. Яъни аёллар таътиллар жадвалига қарамасдан ҳар йилги меҳнат таътилини ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин олишлари мумкин. Бу ҳолатда таътил ҳам, таътил пули ҳам тўлиқ берилади.