Андижонда

“БИРЛИК”КА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ОНЛАЙН ТИЗИМ АСОСИДА ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА


27.04.2023   179

Марҳамат туманининг “Бирлик” маҳалласи “Қовунчи” ва “Йўламатол” маҳаллалари билан ёндош. Одамлари эса самимий, тартибни суядиган, илтифотли. Маҳалласига суюлтирилган газ келишини билсалар бўлди, ҳар бир хонадон ўз маиший газ баллонларини дарвозалари олдига олиб чиқиб қўядилар. Бу эса, маҳалладаги катталарнинг донолигию ёшларнинг ўз улуғларини ҳурмат қилишларидан далолат.

Бугун “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 495 нафар истеъмолчи “Marhamattumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан бир маромда суюлтирилган газ билан таъминланиб келмоқда. Суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизимга ўтиш муносабати билан ушбу маҳалладаги барча истеъмолчилар тўла ID карта ва уларнинг 510 дона маиший газ баллонлари бар-кодли ёрлиқлар билан таъминланган. Йил бошидан бери ушбу МФЙга истеъмолчиларига 45.44 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлиб, амалда белгиланган режа 118 фоизга бажарилмоқда.

“Очиғи бизга 10 дан ортиқ маҳалла бириктирилган. Негадир мана шу маҳаллага доим келгим келаверади. Одамли тарбияли. Тартиб билан олишади. Ҳовлисини олдига боргунимизча кутиб туришади. Шунинг учун ҳам, газ етказиб беришда асло чарчамаймиз, мазза қилиб ишлаймиз,” – дейди чилангар Тоштемир Арслонов.

Сир эмаски, суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн тизими барчага маъқул келмоқда. Авваллари суюлтирилган газ нақд пул асосида етказиб берилар, жараён вақтида махсус ҳужжатларга имзо чекилар ёки машина тўхтаган жойга баллонлар олиб бориларди. Хуллас, битта газ баллонни олгунча, одамларни тушгача вақти кетган кунлар ҳам бўлган. Ҳозир эса махссу автотранспорт воситаси ҳар бир истеъмолчи эшиги олдида тўхтайди. Махсус карта орқали тўловлар ечиб олинмоқда. Битта баллонни олишга 5 дақиқа етиб ортмоқда. Бу эса аҳоли учун фақат қулайлик яратмоқда.

Бугун Марҳамат туманидаги 21 405 нафар истеъмолчи тўлиқ ID карта билан таъминланган. Мавжуд 38 287 дона маиший газ баллонларга бар-кодли ёрлиқлар ёпиштирилган. Йил бошидан бери эса аҳолига 21 405 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлиб, етказиб беришнинг оралиқ муддати 40-45 кундан ошмаяпти.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати