Андижонда

БИТИРУВЧИ БАНДЛИГИ: ОТМларда ўтказилган сўровнома ўзини оқлаяптими?


28.03.2022   1852

Мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш ва шу асосда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича қатор тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Яратилаётган имкониятлар эгаларининг эркин билим олишлари, янги Ўзбекистон тараққиёти учун давлат ва жамиятнинг турли соҳаларида муносиб ҳисса қўшишлари учун сафарбар этилаётгани бежиз эмас. Бунинг замирида фаровон ҳаёт, озод ва обод Ватан, соғлом келажак, бахтли турмуш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Шу ўринда савол туғилади: олий таълим муассасаларини тамомлаётган ёшлар мутахассисликлари бўйича фаолият юрита оляптиларми? Уларнинг бандлиги қай тарзда таъминланяпти? Аксарият “дипломли” йигит-қизларнинг хорижда ёлланма ишчи бўлиб меҳнат қилаётганлари мамлакатда ишсиз қолганлари сабабиданми ёки...? Хўш, бугун ОТМлар битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида бирор тадбир олиб бориляптими?

Давлатимиз раҳбари раислигида 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифалар шу каби саволларга жавоб бўлди.

Бизни ҳам йўналишда қандай ишлар бошланганини билиш истаги вилоятдаги университет ва институтлар мутасаддилар билан боғланишимизни тақозо этди.

***

Хайрли экан, илк уринишдаёқ билганимиз мавзу доирасида битирувчилар ўртасида ўтказилган сўровнома бўлди.

Айни кунда вилоятда олтита давлат олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 50 минг 241 нафар талаба таҳсил олмоқда. 48 минг 208 нафари бакалавриат (30 минг 665 нафари кундузги, 17 минг 543 нафари сиртқи), 2 минг 033 нафари магистратура йўналишида ўқимоқда.

Жорий йилда мазкур олийгоҳларни жами 4 минг 215 нафар, жумладан, Андижон давлат университетини 2396 нафар, тиббиёт институтини 826, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини 422 ҳамда машинасозлик институтини 571 нафар йигит-қиз тамомлаяпти. Уларнинг 3 минг 308 нафари андижонликлардир.

Сўровнома натижаларига назар ташладик. Вилоятнинг турли шаҳар, туманларида истиқомат қиладиган 3 минг 308 нафар битирувчиларнинг 1 минг 336 нафарининг (40,4 %) бандлиги таъминланган, уларнинг 25 нафари олийгоҳларнинг ўзида ишлаётгани эътиборга сазовор. Демак, талаба том маънода устозлари ишончини оқлаб улгурган. қолганлар-чи?

1972 нафар битирувчини ишга жойлаштириш масаласи кўндаланг. Бу, ОТМларни “тугатаётган” ёшларнинг 59,6 %ига амалий кўмак керак, дегани.

Масала ечимига мутасаддилар камарбаста бўлаётганлари яхшиликка қанот, албатта. Вилоят ҳокими топшириғига асосан уларнинг бандлигини таъминлаш қатъий назоратга олинганига гувоҳ бўлдик. Хусусан, иқтисодий йўналишда 121 нафар битирувчи бандлиги банк, солиқ, молия тизими ҳамда хусусий секторга юклатилган бўлса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 147 нафар ёшнинг келгуси мустақил фаолияти вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига топширилди. Ишга муҳтож энг кўп 1 минг 151 нафар битирувчи халқ таълими, соғлиқни сақлаш, касбий таълимни ривожлантириш, мактабгача таълим, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, маданият бошқармалари ва Андижон давлат университети масъуллигида ишли бўлишлари тайин этилди. Саноат, ишлаб чиқариш йўналишидаги 164 нафар йигит-қиз қўшма корхоналар, метрология соҳасида, синов-сертификатлаштириш йўналишида фаолият олиб боришлари белгиланди. 84 нафар коммунал ва транспорт соҳаси мутахассислигини тамомлаётганларга эса электр тармоқлари корхонаси ҳамда транспорт бошқармаси масъуллик қилиши қайд этилди.

Бундан ташқари, сўровномада 199 нафар талаба тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган. Уларнинг кредит олишга эҳтиёжлари эса 11,7 миллиард сўмни ташкил этган.

***

Саволнома жавобларини таҳлиллаб кўрсак. “Расман буйруқ асосида ишлайсизми ёки ўзаро келишув асосидами?” деган сўровга биргина Андижон давлат университетининг битирувчилари орасида аллақачон иш ўрнига эга бўлган 953 та талабанинг 742 нафари расман, 211 нафари эса келишув асосида фаолият юритаётганини билдирган. Демак, “ишлаяпти, ўрни тайин” деган битирувчиларнинг аксарияти учун ҳам барибир расман иш жойи зарур. Негаки, оилавий шароити, эҳтиёжидан келиб ўзаро келишув асосида меҳнат қилишга мажбур бўлаётганлар ҳам бор. Ўтказилган сўровнома эса айнан мана шу ноаниқликларга ҳам ойдинлик киритди.

Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида қайд этиш керак. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар бир вилоят бўйича 1-, 2-, 3-босқичда ўқиётганларнинг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чоралари кўрилиши тўғрисида топшириқ берилганди. Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги ОТМларнинг 1 минг 189 нафар 1-3 босқич талабалари, жумладан, АДУнинг 625, АнДТИнинг 109, қишлоқ хўжалиги институтининг 281, Машинасозлик институтининг 118, Педагогика институтининг 38, Иқтисодиёт ва қурилиш институтининг 18 нафар ёшлари муқим ишга жойлаштирилди.

***

Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли, кенг дунёқарашли, замонавий фикрли, ўз касбининг усталари бўлган инсонларга боғлиқ. Шу боис юртимизда айнан таълим йўналишларини, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун олий таълим муассасаларида олиб борилаётган юқоридаги каби тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳам уларнинг эртанги кун учун мустаҳкам пойдевор яратишларига замин бўлаётир.