Андижонда

“Бобур: Андижон шаҳзодаси” фильми суратга олинади


28.07.2025   52

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг апрель ойида Андижон вилоятига, хусусан, Бобур шаҳрига ташрифи чоғида улуғ бобомиз ҳақида: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиз бор-йўғи 47 йил умр кечирди. Шу қисқа вақт давомида у инсон ақли бовар этмайдиган қандай буюк ишларни амалга оширгани, қандай меъморий обидалар, боғу роғлар барпо этиб, ўзидан ўчмас ном қолдириб кетгани ҳам барчамиз учун юксак ўрнак намунасидир.

Шу маънода, ҳазрати Бобурнинг шону шуҳрати ва қадр-қимматини жойига қўйиш, унинг бебаҳо меросини халқимизга янада кенгроқ таништириш, бутун дунёга тарғиб этиш ҳурматли олим ва адибларимизнинг, ҳаммамизнинг муҳим бурчимиз ҳисобланади” деган эди.

Президентимизнинг ана шу фикрларидан келиб чиқиб, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан ўзбек халқининг тарихи ва маънавиятида ўчмас из қолдирган буюк давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳақида “Бобур: Андижон шаҳзодаси” номли янги тарихий кинофильм яратиш учун қадамлар ташланди.

Ҳозирда Америка Қўшма Штатларида яшаб, ижод қилаётган кинорежиссёр, продюсер Баҳодир Юлдашев бошчилигидаги бир гуруҳ киноижодкорлар фильм лойиҳаси, яъни яратилажак бадиий фильм устида иш олиб бормоқдалар.

“Бобур: Андижон шаҳзодаси” фильми орқали ўзбек киносаноатидаги тарихий фильмларга бўлган янгича ёндашув, миллий руҳ ва образни халқаро саҳнага олиб чиқиш мақсад қилинган.

Тадбирда киноижодкорлар томонидан мазкур лойиҳа, фильмнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти, суратга олиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида кенг маълумотлар берилди. Айни вақтда лойиҳа доирасида Равшан Норбоев лойиҳанинг бош продюсери, Аброр Хидиров тарихчи-консультант, Шуҳрат Абдумаликов бош саҳна рассоми, Светлана Рассохина (Россия) грим бўйича бош рассом, Татьяна Патрахальцева (Россия) костьюмлар бўйича бош рассом, Ҳожиакбар Зуфаров, Фарруҳ Жумаев ижрочи продюсерлар, Гуль Эрген (Туркия) — лойиҳанинг халқаро продюссери сифатида иш бошлаганлар.

Фильмни яратиш бўйича сценарий ва декорациялар тайёрланмоқда, тарихий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Суратга олиш жараёнлари жорий йилнинг куз ойларида бошланиши белгиланган.

Маълумот ўрнида айтиш керак, юртимизда туғилиб ўсган, ҳозирда Америка Қўшма Штатларида яшаб, ижод қилаётган кинорежиссёр, продюсер Баҳодир Юлдашев томонидан 10 га яқин фильмлар суратга олинган. Хусусан, 2017 йилда унинг тарихчи олим Аброр Хидиров сценарийси асосида суратга олинган “Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли биографик фильми томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган.

Зуҳриддин УМУРЗАҚОВ.