Атрофга назар

БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ КОНВЕНЦИЯ ДУНЁ БОЛАЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ


01.06.2022   878

Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция – болалар ҳуқуқи тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ нормалари кучига эга бўлган ҳамда келажакка қаратилган энг тўла ва биринчи ҳужжат.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда бир овоздан қабул қилинган. Конвенция 1959 йилда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари декларацияси қоидаларини ривожлантиради. Декларация “Инсоният ўзида мавжуд бўлган энг яхши нарсаларнинг ҳаммасини болаларга беришга мажбур” деб эълон қилган эди. Конвенция эса ушбу Декларация ва бошқа халқаро ҳужжатлардаги болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларни ўзида мужассамлаштирган. Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция дунёнинг барча минтақаларидаги халқлар учунтенг аҳамиятга эга, асосий мақсади болалар манфаатларини мумкин қадар ҳимоя қилишга қаратилган. У муқаддима, 3 қисм, 54 моддадан иборат.

Конвенцияга асосан агар миллий қонунларда балоғат ёши бирмунча эрта белгиланган бўлмаса, 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай шахс бола ҳисобланади. Мазкур ҳужжатга кўра, бола ўзининг камол топишида ўзи фаол иштирок этиш, ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга, бу эса унинг ҳаётига оид масалаларни ҳал этишда ҳисобга олинишини таъминлайди. Конвенция боланинг яшаш ва соғлом ривожланиш, фарзандликка олиш билан боғлиқ ҳуқуқларга, норасо ва қочоқ болалар, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган болалар ҳуқуқларига оид қоидаларни ўз ичига олади, болаларга ғамхўрлик қилиш, ҳимоя қилишда оиласи ва ота-онасининг биринчи даражали роли, болаларга ёрдам кўрсатиш борасидаги мажбуриятларни тан олади.

Болаларни камситмаслик – Конвенциянинг муҳим тамойилларидан. Ирқи, ранги, жинси, тили, дини, эътиқоди, миллати, этник ёки ижтимоий келиб чиқиши, насли, мулкий ҳолати, соғлигининг аҳволи, ота-онаси ёки қонуний васийси ёхуд қандайдир бошқа ҳолатлардан қатъи назар бирор бир камситишларсиз ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишлари керак.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция 1990 йил 2 сентябрда кучга кирган. Унга Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган давлатлар уни бажариш юзасидан тадбирлар бўйича Бола ҳуқуқлари қўмитасига мунтазам равишда миллий маърузалар юбориб туради. Ўзбекистонда Конвенцияни бажариш бўйича миллий маъруза илк бор 1997 йилда тайёрланди.

Зилола тайёрлади.