Андижонда

БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ, КЎЗЛАРИДА ПОРЛАСИН ҚУЁШ


01.06.2022   617

Бугун барчамиз учун дунёда ҳамма нарсадан қадрли бўлган, борлиғимиз, ҳаётимиз мазмунлари беғубор фарзандларимизнинг қувончга тўла, шодликлари мужассам байрам.

Андижоннинг кўчалари, хиёбонлари, музей, театр, борингки, барча кўнгилочар жойларида жажжи фаришталар учун байрам ҳозирлиги кўрилди. Уларнинг самимий, дилларга хуш ёқувчи беғубор кулгулари атрофни тўлдирди.

Болалар истироҳат боғида бугун ҳар кунгидан ўзгача, тайёргарлик кўрилган. Турли-туман аттракционлар, концерт дастурлари, улкан юмшоқ ўйинчоқларнинг ҳазиллари дилбандларимизнинг хурсандчилигига, қувончига сабаб бўлди. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан уларга бепул музқаймоқлар, китоблар, ранг-баранг ўйинчоқлар тақдим этилди. Бундан ташқари вилоятимизнинг барча дам олиш гўшаларида улар учун махсус ўйингоҳлар, қизиқарли мусобақалар, совға-саломлар ташкил этилди.

Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида ҳам ушбу кун муносабати билан ажойиб тадбирлар намойиш этилди. Бепул ташкил этилган байрам шодиёнасида узоқ-яқин туманлардан келган кичкинтойлар маданий ҳордиқ ҳамда маънавий озуқа олдилар. Болажонларнинг мусиқавий чиқишлари, рақслар, қўшиқлар кўтаринки руҳда тадбирга ўзгача файз бағишлади. Бугунги кун жажжи дилбандларимиз қалбида унутилмас нашидалари билан, байрамона кайфият билан эсда қоладиган бўлди.

М. СИДДИҚОВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.