Атрофга назар

Болаликдаги ўзимга мактуб


16.10.2023   256

Салом, 13 ёшли мен!

13 ёшли меннинг жуда кўп инжиқликларини, қайсарликларини, шўхликларини кўтарган экансан. Очиғи, 3 йил аввал қайсар бўлган бўлсам ҳам содда эдим. Қарашларим, атрофга нигоҳим, қизиқишларим, иштиёқларим ғўр эди. Бугун ўзгарганман. 13 ёшли мен ва 16 ёшли мен ўртасида катта фарқ бор.

Ўтган 3 йил кўнглимни ўстирди, қалбимни адабиётга қаттиқ боғлади. Китобга меҳр қўйдим. Мутолаани завқ билан севиб қолганим рост.

Мен ўзгардим. Дунёқарашим тубдан ўзгарди. Энди кичкинагина мағрур, қайсар қизнинг феъл-атвори бутунлай ўзгарган.

Тан олиб фахрланиб айтишим керак, мактабимдаги муҳит мени батамом ўзгартирди. Баъзан ўйлаб қоламан. 13 ёшли мен аввалги илк мактабимда ўқиганимда ўзгарармидим? Айрим ўқувчи қизларга ўхшаб, гарчи бир-бирга ярашмаса-да юбка билан красофка киярмидим? Устозларим ҳурматини четга суриб, ўша ўртоқларимдек гап қайтарармидим, сочларимни ёйиб юрармидим?!..

Билмайман, лекин тақдиримга Муҳаммад Юсуф ижод мактаида таълимни давом эттириш ёзилган экан, бу менга фақат ғурур ва ифтихор беради! Бугун бошимда дўппим, мен эса ижод мактаби ўқувчисиман!

13 ёшли мен! Айнан сенинг ёшингда қилган танловимдан ҳеч афсусланмайман. Сен менинг келажак пойдеворимни қуришдаги тўғри қарорни қабул қилган ёшимсан. Сенда ўтказган вақтимдан афсусланмайман. Ҳеч қачон 13 ёшимдаги мендан афсусланмайман!

Маржона УМАРОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби 10-синф ўқувчиси