Андижонда

БОШ ҚОМУСГА МЕНИНГ ТАКЛИФИМ


17.06.2022   269

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан “Жамият - ислоҳотлар ташаббускори” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда вилоят партия Кенгаши аъзолари, ҳудудий кенгашларнинг раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.


Дастлаб сўз олган партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари М. Мусаева Конституциянинг жамият ҳаётида тутган ўрни, барча қонун ҳужжатлари унинг асосига қурилганини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифаларидан бири бўлган “адолатчилар” бу жараёнда фаол иштирок этаётгани, фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар махсус ишчи комиссияга юборилаётганини қайд этди. Таъкидланганидек, амалдаги Бош Қомуснинг янада мустаҳкамланишига муҳим эътибор қаратилмоқда.

- Фуқаролар ўз таклифларини ўз-ўзини бошқариш органлари, маҳаллий Кенгашлар, почта, шу жумладан электрон почта ҳамда телеграмм махсус боти орқали ҳам юбормоқдалар, - дейди партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Қосимжон Қаюмов. – Бу, албатта, юрт келажагига, меъёрий ҳужжатларнинг халқчил ва давр талабига мос бўлиши учун қулай имконият. Биз бу борада жойларда тушунтириш ишларини олиб бориш билан жамоатчиликнинг фаоллигини оширмоқдамиз.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар партиянинг Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ўз таклифларини илгари сурдилар. Давлат ва жамият бошқаруви, таълим ва тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, мулкдорлик борасида билдирилган таклифлар кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Акбаржон НАЗАРОВ.