БУ ЙИЛ ГИЛОС ЭКСПОРТИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
25.05.2022 627
Халқимиз гилосни севиб истеъмол қилади. Қарангки, бу тотли мевамизни бошқа давлатларда ҳам жуда қадрлашади. Айниқса, Россия бозорларида унга бўлган талаб юқори. Гилосни русларнинг савдо дўконларидан мавсум тугаганда ҳам музлатилган ҳолда топиб есангиз бўлади.
Юртимизда бу йил гилос экспорти анча эрта йўлга қўйилди. Яъни апрель ойи охири — май ойи бошларида ушбу меванинг “Баҳор” номли нави пишиб етилди ва шу вақтдан янги ҳосил ташқи бозорларга жўнатила бошланди.
Айни пайтда Ўзбекистон жаҳон бозорида гилоснинг энг йирик экспортёрларидан бири ҳисобланиб, ўтган йили ушбу маҳсулот экспорти бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади. 2021 йилнинг қиш фасли ва эрта баҳорда кузатилган об-ҳаво аномалиялари ҳосилга яхшигина зарар етказганига қарамай, гилос 2021 йилда мамлакатимиз экспортини кескин оширган ягона данакли мева маҳсулотига айланди. Мазкур йилда 18 та давлатга қиймати 84,8 млн долларга тенг бўлган 60,8 минг тонна гилос экспорт қилинди. Шундан 24,7 минг тоннаси Россияга юборилди. Бу рақамлар 2020 йилга нисбатан икки баробар кўп дегани.
Хўш, бу йил ушбу жараён қандай кўринишда бўлади? Ҳали айрим жойларда ҳосил тўлиқ пишиб етилмаган бўлсада, экспорт ишлари жадал ривожланмоқда. Биргина Андижон вилоятининг ўзида шу кунга қадар экспорт ҳажми 200 тоннадан ошди. Гилос аҳолидан ўртача 20-25 минг сўмга сотиб олинмоқда. Маҳсулот сифати ва қадоқлаш турига қараб экспортга жўнатиш нархи 50-70 000 сўм атрофида бўлиб турибди.
