БУГУН - МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН. АНДИЖОНДА САНА МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИРЛАР БОШЛАНДИ
26.04.2022 560
Халқчил, содда, самимий сатрлар уйқаш бетакрор шеърлари, достонлари билан шеърият мухлислари қалбидан чуқур жой олган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллиги муносабати билан Андижонда “Муҳаммад Юсуф ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Ҳафталик доирасида шоир ҳаёти ва ижодига юксак ҳурмат туйғулари мужассам тадбирлар, кечалар, фестиваллар ҳамда кўрик-танловларда ҳамюртларимиз фаол қатнашишяпти.
Бугун 26 апрель – эл суйган ижодкор таваллуд топган кун тонг саҳарданоқ Марҳамат туманининг Қовунчи маҳалласи адабиёт ихлосмандлари билан гавжумлаша бошлади.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги фаоллар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вакиллари, пойтахтдан ташриф буюрган шоиру адиблар, вилоятимиз зиёлилари, ўқувчи ва талаба-ёшлар дастлаб шоир қабрини зиёрат этдилар. Ташриф буюрувчилар томонидан гулдасталар қўйилди. Теварак атрофида алвон лолақизғалдоқлар барқ очилган шоир ҳоки пойида Қуръон тиловат қилинди.
Айни дамларда Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун муносабати билан Андижонда бошланган тадбирлар давом этмоқда. Бизни кузатиб боринг.
“Аndijonnoma” online
