Атрофга назар

БУГУН “СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ”...


25.05.2022   300

Бугун мактаблардаги сўнгги ўқиш куни. Энди имтиҳонлар битирувчиларни мактабда сўнгги бор синовдан ўтказади, холос. Бу кун нафақат ўқувчилар, балки ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли. Чунки қалби пок орзу-умидлар билан тўлган навқирон, азму шижоатли ёшлар тимсолида эртамиз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси, халқимиз ва Ватанимиз келажаги мужассам.

Биргина Андижон шаҳридаги мавжуд 56 та умумтаълим мактабларида қарийб 4 488 нафар йигит-қиз етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олмоқда. Улар янги Ўзбекистоннинг илк битирувчилари вакиллари. Халқ таълими тизимининг кеча ва бугуни сарҳисоби учун камарбаста авлоддир улар.

Шу ўринда айни мавзуда икки оғиз мулоҳаза. Қисқа муддатда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.

Хусусан, сўнгги икки йилда Андижон шаҳрида 2 та янги ихтисослаштирилган мактаб қурилиб, 2 та мактабда қайта реконструкция ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Далварзин маҳалласида яна бир замонавий таълим маскани барпо этилмоқда, янги ўқув йилига фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шаҳримизда мутлақо янгича мазмун ва шаклда бунёд қилинган замонавий Президент мактаби, ижод мактаби бугун иқтидорли, фаол, янгиликка интилувчан келажак ворислари билан тўла.

Энг муҳими, ана шу мактабларда таълим-тарбия олаётган ёшлар халқаро фан олимпиадалари, ижодий фестиваль ва танловларда юқори ўринларни эгаллаб, вилоят ва республикадаги нуфузли олийгоҳларга кириб ўқиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Жумладан, бугунги кунда 112 нафар ўқувчилар муддатидан олдин хорижий ҳамда 25 нафари республикамизнинг турли олий таълим муассасаларида имтиёзли равишда таълим олиш ҳуқуқини кўлга киритишга улгирган.

Мамлакатимизда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар боис умумтаълим мактабларини тамомлаётган йигит-қизларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмаяпти. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 8 та олий ўқув юрти (шундан, 2 таси нодавлат), 33 та касб-ҳунар мактаби, 16 та коллеж ва 19 та техникумда таълимни давом эттириш имкониятлари бисёр. Қизиқишларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик ва фермерлик йўналишларида ҳам фаолият юритишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги битирувчи ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкори экан, олдига қўйилган ҳар бир имкониятдан тўла фойдалана олади.

Зилола РАҲМОНОВА.