Атрофга назар

БЎСТОН ТУМАНИДА “АЁЛЛАР ДАФТАРИ”ГА КИРИТИЛГАН ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ


13.06.2022   372

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш билан бирга, уларни қийнаб келаётган турли ҳуқуқий масалаларга қонуний ечим топиш давлат идоралари мутасаддилари олдидаги муҳим вазифалардан бири. Андижон вилояти суди раиси Талъатжон Мелибоевнинг Бўстон туманида ўтказилган учрашув ва сайёр қабулида ҳам ўттизга яқин хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ йўналишига тааллуқли мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Учрашувда дастлаб аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш каби йўналишларда мамлакат миқёсида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Қайд этилдики, ҳаётнинг аччиқ синовларига дуч келган опа-сингилларнинг дарду ташвишини аритиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, кези келганда, касб-ҳунарга ўқитиш, шунингдек, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш каби вазифалар ҳамиша назоратда.

Бугунги кунда айрим оилаларнинг арзимас сабаблар билан ҳам ажрашишга қарор қилаётганликлари сир эмас. Оиланинг барбод бўлиши эса келажакда уй-жой, мерос, алимент билан боғлиқ низоларни юзага келтириш мумкин. Энг ёмон жиҳати, оиланинг пароканда бўлиши фарзандларнинг тарбиясига, руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши турган гап. Шу маънода маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари зиммасига-да оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга ҳисса қўшишдек масъулиятли вазифа ҳам бириктирилдики, бунинг учун фаолларга ҳаётий тажриба билан бирга ҳуқуқий билимлар ҳам муҳим. Мулоқотда маҳаллалардаги хотин-қизлар бўйича вакилларнинг айни йўналишдаги саволларига ҳам атрофлича жавоб қайтарилди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг мерос, уй-жой, никоҳ, алимент ва бошқа оилавий низолар, жиноятчилик, жумладан, фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан муаммолари ўрганиб чиқилди ҳамда қонун доирасида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.