Андижонда

Бўстонга айланаётган Бўстон


31.10.2023   93

Бир пайтлар Андижон вилоятининг айрим ҳудудлари ўзлаштирилишга мухтож бўлган манзиллардан иборат бўлган. У ерда гиёҳ ундириш, обод қилиш, аҳоли истиқомат қилиши учун қулай муҳитни шакллантириш мақсадида йиллар керак бўлди. Бу давр орасида андижонликларнинг ғайрат-шижоати синовдан ўтди. Натижада бир пайтлар қумлоқ ва ўтлоқдан таркиб топган жойларда чаманлар барпо этилди. Бўз тумани шу тариқа ташкил топган.

Бўз ерларни ўзлаштириш орқали уни бўстонга айлантиришда халқимиз фидойилик намунасини кўрсатди. Не бир оғир меҳнатларда тобланган аҳоли учун қишлоқ хўжалиги соҳасини ташкил этиш, мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшиш туманни том маънодаги бўстонга айланишига сабаб бўлди. Шу боис айни пайтда собиқ Бўз тумани Бўстон номи билан атала бошланди.

Бўстон тумани асосан қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашганлиги боис яқин-яқингача ҳам ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд бўлмаган. Ҳукуматимиз томонидан ҳудудларни саноатлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлашга бўлган эътибор туфайли манзилда бирин-кетин саноат корхоналари фаолият кўрсата бошлади. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг январь ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида “Сайёра фаввораси” тўқимачилик корхонасига ташриф буюрар экан туманда иқтисодий кўрсаткичлар қониқарсиз аҳволда эканлигини, манзилнинг имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш чораларини кўриш юзасидан ўз кўрсатмасини берди. Хўш, орадан ўтган қисқа фурсат ичида бу борада қандай ишлар амалга оширилди?

-Давлатимиз раҳбарининг туманда бажарилиши муҳим бўлган вазифалар юзасидан кўрсатмаси галдаги ишларимиз учун дастуриламал вазифасини ўтамоқда,-дейди туман ҳокими Санобархон Носирова. –Бунинг натижасида йилнинг ўтган даври мобайнида 29 та янги бизнес лойиҳалари ишлаб чиқилиб, 315 миллиард сўм маблағ шакллантирилди. Янги ишлаб чиқариш объектларининг фаолияти туфайли 1050 нафар бўстонликлар доимий даромад манбаига эга бўлдилар. Ҳудудда иқтисодиётни ривожлантиришдахорижий инвестицияларнинг аҳамияти жуда катта. Шу боис чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу эса113 миллион доллар қийматидаги ташаббусли лойиҳаларнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Ушбу лойиҳалар ишга туширилгач, 2200 та янги иш ўрни яратилади. Шу ўринда туманнинг экспорт салоҳияти кундан-кунга ортиб бораётганлигини алоҳида эътироф этмоқчиман. Боиси, йилнинг шу даврига қадар 1 миллион 700 минг доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга эришдик. Бу билан белгиланган йиллик режани 225 фоизга бажарилди.

Туманда ишга туширилаётган янги лойиҳалар, эришилаётган ижобий натижалар аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу борада туман ҳокимлиги томонидан тузилган махсус гуруҳ аъзолари барча хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлмоқдалар. Натижада халқимизни узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топяпти.

-Ўғлим анча йиллардан буён Россия Федерациясида меҳнат қилади,-дейди “Гузар” МФЙда истиқомат қилувчи Эътиборхон Мирзаева. –Ишчи гуруҳи вакиллари хонадонимизда бўлиб, хол-аҳвол сўрагач, агар ўғлимга муносиб иш бўлганида мусофир юртларда юрмаслигини айтдим. Қисқа муддат ичида 20 сотих экин майдони ажратилди. Ҳозир нафақат, ўғлим, балки, оиламиздан яна уч киши ушбу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш билан бандмиз.

Дарвоқе, тумандаги мавжуд 25 та маҳаллада истиқомат қилувчи5 минг нафардан зиёд ҳамюртларимизҳозирда хорижда меҳнат қилмоқдалар. Уларга Бўстон туманида қулай шароит яратиш, доимий даромад манбаига эга қилиш учун уларнинг аксариятига 20 сотихдан ер майдони ажратилди.

Туманда эришилаётган иқтисодий ижобий натижалар ижтимоий объектларга бўлган эътиборнинг ортишига ҳам сабаб бўляпти. Йилнинг шу даврига қадар мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактабларини таъмирлаш учун 200 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилганлиги ҳам бунга мисолдир. Ёш авлоднинг баркамол улғайишига хизмат қилувчи 100 ўринли ёпиқ, 800 ўринли очиқ стадионлар қурилишига киришилганлиги эса бўстонликлар учун муносиб совға бўлмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишлари учун 3 миллиард 750 миллион сўм маблағ сарфланмоқда.

Куз фаслининг бугунги салқин ҳарорати қиш остонасида турганимизни бот-бот эсга солмоқда. Бу эса аксарият аҳолининг мавсумолди ташвишини янада оширяпти. Зеро,атиги 6 та маҳаллагина табиий газга уланган бўлиб, 19 та МФЙларида кўмир ёқилғисига бўлган эҳтиёж мавжуд. Туман ҳокимлиги томонидан масаланинг бу жиҳатларига эътибор қаратилиши замондошларимизнинг кўнгилхотиржамлигига сабаб бўляпти. Маълумотларда баён этилишича, шу пайтгача 1100 тонна кўмир захираси яратилди.

-Бутун умрим давомида мана шу туманнинг истиқболи учун меҳнат қилдим,-дейди меҳнат фахрийси Абубакир Сиддиқов. –Турли шароитларни кўрдик. Тан олиш керак, бугунгидек ўзгаришларга илк бор гувоҳ бўлмоқдаман. Бу ҳам бўлса давлатимиз раҳбарининг, ҳукуматимизнинг ҳар бир ҳудудларда халқимиз турмуш шаротини яхшилашга бўлган эътибор туфайлидир.

Суҳбатдошимизнинг самимий фикрлари бизни-да рухлантирди. Зеро, тумандаги қай бир манзилга разм солманг, инфратузилмани яхшилаш, иқтисодиётни юксалтириш, янги иш ўринларини яратиш ишлари олиб борилаётганига амин бўласиз. Демак, Бўстон тумани том маънодаги бўстонга айланмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ.