Атрофга назар

Муносабат: Ҳалоллик ва юксак инсоний фазилатлар одил судловни амалга оширишда муҳимдир


27.03.2025   115

Кейинги йилларда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, шу орқали халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида ҳамиша кун тартибида турибди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги барқарор, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган жамият изчил ривожланади, юксак тараққиётга эришади. Ўз-ўзидан аёнки, бу борада судлар зиммасида турган масъулият ғоят залворли.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида ҳам юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо берилиб, келгусидаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Президент “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирди. Бу гапнинг туб замирида халқчил ва адолатли суд тизимини яратишдек улкан мақсадлар мужассам.

Шу ўринда бугунги кунда судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган жиддий ислоҳотлар моҳияти хусусида тўхталсак. Сўнгги йилларда давлат раҳбарининг соҳани ривожлантиришга қаратилган ўндан зиёд қарор ва фармонлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Натижада суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларида катта ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Соҳа вакилларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.

Судьялар ва тизим ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли амалга оширишлари, иш юкламасини меъёрий ҳолатга келтириш мақсадида судьялар корпуси ҳамда суд аппаратлари учун қўшимча штат бирликлари ажратилди. Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали фаолиятда инсон омилини камайтириш, очиқлик, шаффофлик, тезкорликни таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш ишлари натижадорлиги бир неча баробар ўсди. Бир сўз билан айтганда, соҳа вакиллари ўз фаолиятини амалга оширишлари учун қулай меҳнат шароитлари ва моддий-техника базаси яратилди. Демак, эндиги асосий масала – суд ишларини ҳалоллик, холислик ва беғаразлик тамойиллари асосида кўриб чиқиб, қонуний, асосли ва адолатли суд қарорлари қабул қилишгагина боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Бу масалаларга яқинда Олий суд раисининг судьялар ва соҳа ходимларига йўллаган мурожаатида ҳам алоҳида урғу берилди. Жумладан, мурожаатда судья аввало, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шартлиги яна бир карра кун тартибига қўйилди. Олий суд раиси соҳанинг барча вакилларини судьялик қасамёди ва касбий одоб-ахлоққа содиқ бўлган ҳолда жамиятимизда адолатни қарор топтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда фаол бўлиб, “Одил судлов – жамият фаровонлигининг пойдевори” деган ғоя асосида бирлашишга чақирди.

Дарҳақиқат, судьялар одил судловни амалга ошириш орқали ижтимоий адолатни таъминлашдек масъулиятли вазифани зимасига олар экан, ҳамиша ва ҳар қачон қонунларга амал қилишлари, Судьялар одоби кодекси қоидаларига, жамиятда ва турмушда юриш-туриш, одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этишлари муҳим масала.Жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши, суд идорасига қадам қўйган кишиларнинг суддан, пировардида давлатдан рози бўлишлари судьяларнинг юқоридаги принципларга қатъий риоя этишлари билан боғлиқ.

Барчамизнинг устозимиз, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев ўзининг “Адолат – инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисоласида “судья адолат фақат беғараз қарор топтирилгандагина адолат саналишини ўз шиори деб билиши лозим” деган фикрни илгари сурган эди. Чиндан ҳам шундай. Суд ишларида тамагирлик, қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик каби иллатларга асло йўл қўймаслик лозим.

Яна бир муҳим масала шуки, халқимизнинг судларга ишончини мустаҳкамлашда судьяларнинг жамиятда тутган бенуқсон обрў-эътибори ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу каби мезонлар эса соҳа вакилларининг юксак ахлоқ фазилатлари билан бирга, уларнинг оиласидаги маънавий муҳит, камтарона турмуш тарзи билан ҳам ўлчанади.

Шу боис судлар фаолиятида юқоридаги жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йилларда Андижон вилояти судлари раҳбарияти томонидан соҳа фахрийлари, тизим ходимларининг ота-оналари, оила аъзолари иштирокида бир неча бор учрашувлар ўтказилди. Мулоқотларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, нохуш иллатлар келиб чиқишининг олдини олишда ота-оналар ва яқин қариндошларнинг ҳам ўрни беқиёс эканлиги таъкидланиб келинмоқда.

Куни кеча Андижон вилоятида Судьялар олий кенгаши раҳбарияти томонидан судьялар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган тадбирда ҳам юқорида тилга олинган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди, судьялар қонунга, адолат тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этиши шартлиги хусусида сўз юритилди. Қолаверса, тизим вакилларининг турмуш ўртоғи, фарзандлари ва яқинлари ҳам ўзининг инсоний фазилатлари, камтарона турмуш тарзи билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозимлиги, оила аъзолари судьянинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шартлиги хусусидаги мулоҳазалар билдирилди.

Хулоса шуки, фаолиятимизда ҳамиша қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришда давлат раҳбари томонидан белгилаб берган вазифалар, қолаверса, устозларимизнинг йўл-йўриқлари барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Носиржон Зайнабидинов,

Андижон вилояти судлари судьялари малака ҳайъати раиси