Андижонда

БЎТАҚОРАЛИКЛАР НЕГА БЕЗОВТА?


26.05.2022   542

Андижон тумани Бўтақора қишлоғи ҳудудида қатор ғишт заводлари фаолият юритмоқда. Улардан чиқаётган заҳарли газлар аҳолини ташвишга солаётгани сир эмас. Оқ роввот МФЙда яшовчилар номидан фуқаро Умиджон Мирзаев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжоновага мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, ғишт заводлардан чиқаётган ис гази аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, мевали дарахтлар қуриб боряпти.


Депутат бу масалада Андижон туман экология бошқармаси бошлиғи Дониёр Маматқуловга боғланиб, масалага аниқлик киритишини сўради. Мутахассис томонидан берилган маълумотга кўра, Бўтақора адирликларида жойлашган 16 та пишган ғишт ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги карорига мувофиқ атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг 2-тоифасига мансуб (ўртача даражада хавфли фаолият турлари). Ушбу фаолият тури билан шуғулланувчи корхоналар Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган ҳолда фаолият олиб бормоқда.

Ўз ўрнида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллашгириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан корхоналар томонидан хар чорак якуни бўйича атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари амалга оширилмоқда.

Бир қарашда ҳаммаси жойида. Корхоналарнинг фаолияти қонуний. Унда фуқаролар нега ташвишда? Уларнинг саломатлиги, экологиянинг бузилиши наҳот ҳеч кимни қизиқтирмаса? Инсон саломатлиги ҳамма нарсадан устун эмасми? Балки бу борада масалага масъуллар яна бир ўйлаб кўрар. Кимнинг ҳақ эканлиги шунда аниқ бўлади.

Зумрадой СОЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси.