Андижонда

“Бўзариқ”ликларга ҳам суюлтирилган газ онлайн тизим асосида етказиб берилмоқда


13.12.2024   110

Бугун халқимизнинг маиший ҳаётида табиий газ билан биргаликда суюлтирилган газнинг ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг шаҳар-туман бўлимлари томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда барча зарурий ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ эса, жорий йил нинг ўтган 11 ой давомида истеъмолчиларга 73 минг тоннадан зиёд газ етказиб берилди. Бу эса 3 миллион 650 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари алиштирилиб берилди, деганидир. Суюлтирилган газ етказиб бериш баробарида, истеъмолчилар орасида маиший газ баллонлари ва суюлтирилган газдан тўғри фойдаланиш бўйича ҳам тушунчалар берилмоқда.

Асака туманининг “Бўзариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 752 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари истиқомат қилади. “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан ушбу МФЙда ҳам “маҳаллабай” тизимида иш ташкил этилган бўлиб, ҳар ойнинг белгиланган санасида суюлтирилган газ етказиб берилади. Шу кунга қадар, 111 тоннага яқин суюлтирилган газ етказиб берилди ва таъминот 105 фоизга бажарилди. Маҳалла аҳлининг 879 дона маиший газ баллонлари бўлиб, шундан 700 донаси таъминотчи корхона томонидан тарқатилган.

“Суюлтирилган газ етказиб беришдан бўш вақтларда уйма-уй юриб истеъмолчиларга газ хўжалигидан тўғри фойдаланиш қоидаларини тушунтириб бераяпмиз. Ҳар бир истеъмолчи билан уй шароитидан келиб чиқиб суҳбатлашилмоқда. Ошхона, газ плитаси ва маиший газ баллонлар оралиқ масофаси, редуктор ва бошқа эҳтиёт қисмларидан тўғри фойдаланиш кабилар уқтирилмоқда” – дейди “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлимининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш бўлими мутахассиси Жалолдин Мирзахолов.

Бугун туманда 50 112 та суюлтирилган истеъмолчилари истиқомат қилишмоқда. Йил бошидан бери истеъмолчиларга 8 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди. Асакалик истеъмолчилар суюлтирилган газ билан таъминланиш билан бирга, ундан тўғри ва оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар олмоқдалар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати