Атрофга назар

Cанъат ва илмни бирлаштирган истеъдод


12.03.2026   60

Мусиқа инсон қалбининг энг нозик торларини черта оладиган, руҳиятни юксалтириб, инсонни эзгуликка етаклайдиган беқиёс санъатдир. Ана шу сеҳрли оламни илмий изланишлар билан бойитиб, уни ёш авлод тарбиясига хизмат қилдириш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган ижодкорлардан бири Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Моҳларой Иброҳимжоновадир.

У 2025 йилда “Тадқиқотлар” жаҳон илмий-методик журнали томонидан “Мактабгача таълим ташкилотида мусиқа терапиясининг ўрни” номли мақоласи оммалаштирилгани учун сертификат билан тақдирланди. 2022–2025 йиллар давомида мусиқа таълими, мусиқий саводхонликни ривожлантириш ва болаларда мусиқий қобилиятни аниқлашга бағишланган илмий мақолалари Германия, Англия, Польша ва Ҳиндистон каби давлатларнинг нуфузли халқаро илмий журналларида нашр этилди. Шунингдек, унинг қатор илмий ишлари республика илмий журналларида ҳам чоп этилган.

2023 йилда Ҳиндистонда ўтказилган халқаро илмий конференцияда “The importance of music in secondary schools” номли тезиси билан иштирок этиб, сертификат билан тақдирланди.

Моҳларой нафақат илмий тадқиқотчи, балки мусиқа маданиятини кенг жамоатчиликка тарғиб этиб келаётган фаол ижодкор ҳамдир. “Наво” телеканалининг “Зебо пари”, “Жавоҳир” ҳамда вилоят телерадиоканалининг “Нажот билимда” кўрсатувларида иштирок этиб, ижодий қарашлари билан томошабинлар эътиборини қозонмоқда.

Замонавий технологияларни пухта эгаллаган мутахассис сифатида у компьютер дастурларида ишлаш ҳамда интернет тармоғидан самарали фойдаланиш кўникмаларига эга.

Мусиқа қалбга нур, инсонга илҳом бағишлайди. Моҳларой Иброҳимжонованинг илм ва ижод уйғунлигидаги меҳнати эса ана шу нурни ёш авлод қалбига олиб киришга хизмат қилмоқда. Унинг изланишлари, ижодий интилишлари ва мусиқага бўлган меҳри келажак авлод қалбида санъатга муҳаббат, маънавиятга садоқат уруғини экиб, мусиқанинг ҳаётбахш оҳангларини янада кенг янгратишига ишонамиз.


Лола АБДУЛЛАЕВА.