Чемпионлик камари кўксимдаги ифтихордир

08.08.2025 87
Бугун спортнинг катта майдонларидаман. Ғалаба шохсупаларида Ўзбекистон байроғини баланд ва мағрур кўтараётганимдан чексиз ифтихор туяман. Бир пайтлар бу мен учун етиб бўлмас орзудек эди. Устозларим ютуқларини кўриб ҳавас қилардим. Фақат интилдим, тинимсиз машқлар қилдим, машғулотларда тобландим, “чарчадим” дейишни эп билмадим.
2008 йил - 1-синф ўқувчиси эдим. Мактабим БЎСМ (болалар ва ўсмирлар спорт мактаби)га яқин жойда жойлашган. Муассаса залида спортчиларнинг машғулотларини томоша қилиб карате спортига қизиқишни ҳис қилганман. Мураббий танлашда адашмаганимни ғалабаларим самарсида кўрдим - Илҳом Умаров талабчан, қаттиққўл, ҳақиқий спортчи эканлигини ҳар қадамда ҳис қиламан. Дарслар чиниқиш жараёнларига айланди. Мақсадим қатъийлашди: албатта, чемпион бўламан!
2011 йили биринчи марта Андижон шаҳрида вилоят чемпионатида 1-ўринга сазовор бўлиб, Ўзбекистон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдим. Ўша ондаги қувончимни тасаввур қилиб беролмайман. У илк ютуқ, илк ғалаба нашидаси эди. Тошкентда бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида олтин медаль соҳибига айланганимда эса кўнглимдан бир ўй ўтди: энди яна ҳам қаттиқроқ ўз устимда ишлайман ва халқаро, жаҳон чемпионатлари ғолибига айланаман!
14-15 ёшимда мен аллақачон Ўзбекистон Терма Жамоаси аъзоси эдим. Халқаро мусобақаларда қатнашишни бошладим. 15 ёшимда Марказий Осиё чемпионатида Олтин медаль соҳиби бўлиб, байроғимизни осмон узра фахр ила кўтардим. Японияда ўтказилган Осиё чемпионати, кейинроқ жаҳон чемпионати мусобақалари мени курашларда тоблагани рост. Фахрли медалларим кўпайди. Ютуқларим сабабли Андижон Давлат Университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. 16-ёшимда “спорт устаси” сертификатини олдим. Буларнинг барчаси мени яна ва яна олдинга қадам ташлашга, янги марраларни забт этиб, Ўзбекистон, Андижон номини дунёга кенгроқ ёйишга ундайверди.
Канада давлатида 3 марта олтин медаль олиб чемпионликни қўлга киритдим. Хорватия давлати Ёшлар Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақада қатнашиб устозларим, ота-онам ишончини оқладим. Америка, Эрон, Қозоғистон, Қирғистон давлатларида бўлиб ўтган халқаро ва Осиё чемпионатларидаги иштирокларим медалларим сони ортишига хизмат қилди.
Жорий йил Американинг Техас шаҳрида Америкачемпионати ўтказилди.Икки йўналишда мутлоқ чемпион бўлганимда юрагимда шундай фахр туйдимки, таърифлаб беролмайман. Кўз олдимда мени ҳамиша қўллаб турган оилам, куч берган устозларим, асосийси, бизга доимо ишонч бағишлаб, ғамхўрлик қилаётган давлатимиз раҳбари, юртдошларим гавдаланди. Барчанинг ишончини оқлай олганимдан фахрландим. Бунинг учун мураббийим Илҳом Умаров ва Андижон карате федерация ва Ўзбекистон Карате миллий Федерация масъулларига раҳмат!
Спорт мени улғайтирди, чиниқтирди, ҳаётга, воқеликларга теран нигоҳ билан қарашни ўргатди, билдирилган ишонч жуда катта масъулият эканини исботлади. Карате – менинг хоббийим эмас, у менинг тақдиримга айланди!
Шохруҳбек ТУРСУНМАҲАММАТОВ,
карате спорти устаси, чемпион.