Андижонда

ДАВЛАТ АРХИВЛАРИ – ОЛИС ВА ЯҚИН ЎТМИШ КЎЗГУСИ


12.07.2023   319

Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги вилоят архив иши ҳудудий бошқармасининг жорий йилнинг ўтган олти ойида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман аввалида сўз олган вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нодирбек Зуҳриддинов 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида бажарилган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берди.

  • Вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги давлат ҳамда шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлар, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5-апрелдаги қарорлари ҳамда меъёрий ҳужжатлар асосида фаолият олиб боради. Бошқарма тизимидаги вилоят давлат архиви, 6 та туман давлат архиви ҳамда 16 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари жорий йил дастлабки олти ойига мўлжалланган режаларни бажаришга эришди. Хусусан, ҳужжатларнинг электрон нусхасини яратиш яратиш режасида 1536 та сақлов бирлигидан 459978 та кадр тайёрлаш белгиланган бўлса, амалда 4015 та сақлов бирлигидан 460000 та кадр тайёрланди. Ушбу даврда 800 та сақлов бирлигидаги ҳужжатларнинг 3 та рўйхати қайта ишланиб, такомиллаштирилди. Шунингдек, 218 та ҳужжат, 533 та вақтинча сақланадиган ҳужжатлар давлат архивларига қабул қилинди. Кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми эса 658 миллион 377 минг сўмни ташкил этди.

Шу каби долзарб маълумотлар билан таништирилгач, ОАВ вакилларива блогерлар томонидан берилган саволларга масъуллар атрофлича жавоб бердилар. Матбуот анжумани иштирокчилари архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги давлат архивлари томонидан фаолиятлари доирасида тайёрланган кўргазма билан ҳам танишдилар. Суратларда акс этган олис ва яқин тарих юзасидан қизғин суҳбатлашдилар.

Зилола РАҲМОНОВА.