Атрофга назар

Давлат бошқарувида янги давр: Парламент назорати ва очиқлик стратегияси


26.12.2025   76

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг сиёсий тизимини тубдан демократлаштириш йўлидаги навбатдаги тарихий қадам бўлди.

Бу галги ташаббуслар давлат бошқарувини “тиклаш ва мувозанат” тамойили асосида янги босқичга олиб чиқмоқда. Парламент ва молиявий назорат энг муҳим янгиликлардан бири – Олий Мажлиснинг молиявий ваколатлари кенгайтирилишидир.

2023 йилдан буён ташқи қарз миқдори парламент томонидан белгиланаётган бўлса, эндиликда давлат кафолати остида қарз олиш масаласи ҳам бевосита депутатлар маъқулловига ўтказилмоқда. Бу халқаро молиявий ташкилотлар ва инвесторлар учун Ўзбекистондаги давлат харажатлари устидан қатъий парламент назорати ўрнатилганидан далолат берувчи муҳим сигналдир.

Шунингдек, давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳолатларининг фақат қонун билан чекланиши коррупцияга қарши курашда кескин бурилиш ясайди.

Маҳаллий бошқарувдаги трансформация Сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йилдан бошлаб 208 та туман ва шаҳарда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар раислари лавозимлари ажратилади. Бу ижро ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органлари олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиради. Депутат сўровларига эътиборсизлик учун прокуратура даражасидаги жавобгарлик белгиланиши эса “халқ вакили” мақомининг амалий кучини таъминлайди.

Давлат раҳбари фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ва ижтимоий буюртмаларни молиялаштиришни 2 баравар оширишни таклиф қилди. Энг асосийси, Президент очиқлик сиёсати ва сўз эркинлигидан ҳеч қачон ортга қайтмасликни стратегик вазифа сифатида мустаҳкамлади.

Мурожаатномада баён этилган ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонни халқаро ҳамжамиятда замонавий, демократик ва ҳисобдор давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди.

Бошқарув тизимининг маҳалла ва туман даражасигача марказлашувдан воз кечиши, иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий адолатнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилади.

Диёрбек ТУРҒУНОВ,

“Юксалиш” ҳаракатининг вилоят бўлинмаси раҳбари,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.