Атрофга назар

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ АГЕНТЛИГИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИГА ҚЎШИБ ЮБОРИЛДИ


18.03.2022   234

Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлигига, улар ҳудудий тузилмалари эса ҳудудий адлия органларига қўшиб юборилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Давлат раҳбарининг адлия тизимида маъмурий ислоҳотни амалга оширишга қаратилган “Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Адлия тизимида ягона бошқарувни жорий қилиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги бевосита Адлия вазирлигига, уларнинг ҳудудий тузилмалари эса ҳудудий адлия органларига қўшилади.

Натижада бошқарув ходимлари сони 110 тага яъни 2,2 фоизга (биргина марказий аппарат 10 фоизга яъни 356 тадан 320 тага) қисқартирилди. Қисқартирилаётган штатларнинг асосий қисмини раҳбар лавозимлар ташкил қилади.

Ҳудудлардаги Давлат хизматлари бошқармалари ҳамда Интеллектуал мулк марказлари ҳудудий адлия бошқармалари таркибига ўтказилди. Тумандаги давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари ва юридик хизмат кўрсатиш марказлари туман адлия бўлимлари билан бирлаштирилиб битта бинода фаолият юритувчи ягона Адлия бўлимларига айлантирилди, унинг таркибида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш бўйича алоҳида масъуллар фаолият юритади.

Вазирлик тизимидаги бир-бирини такрорловчи вазифа ва функциялар қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилмоқда.

Вазирлик тизимидаги бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага (67 фоизга), бир-бирини такрорловчи вазифалар 35 тадан 23 тага (34 фоизга) ва функциялар 388 тадан 215 тага (46 фоизга) қисқармоқда.

Такрорловчи вазифа ва функцияларнинг қисқартирилиши бевосита ходимлар иш унумдорлиги ошишига, фуқароларнинг мурожаатлари янада тез ва самарали ҳал этилишига ёрдам беради.

Адлия вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш кўзда тутилган.

Дастур доирасида бир-бирига боғлиқ бўлган давлат хизматларини, жумладан кўчмас мулк ҳамда манзилга рўйхатга қўйиш, ногиронлик ва турли касалликларга оид нафақалар тайинлашни композит тарзда яъни бир вақтда кўрсатиш тизимини жорий этиш орқали аҳолининг сарсонгарчилиги олди олинади.

1990-2016 йиллар оралиғида қабул қилинган ҳукумат қарорлари хатловдан ўтказилади ва уларнинг бугунги кундаги аҳамияти таҳлил қилиниб, фуқароларга ва тадбиркорларга енгиллик яратиш нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, “е-shartnoma” тизими ягона электрон портали яратилади, бу тизим орқали тадбиркорлар онлайн равишда турли шартнома намуналарини бепул олиши мумкин бўлади ҳамда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти вужудга келади.

Халқ депутатлари кенгашларининг ҳудудлардаги ислоҳотлар устидан назоратини кучайтириш мақсадида депутатлик назоратининг янги шакли – “кенгаш сўрови” жорий этилади.

2023 йилдан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базада жамлаш тартибини жорий қилиш. Ягона база орқали муаллифлик ҳуқуқи объектларини кафолатли электрон сақлаш механизми яратилади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини илмий қўллаб-қувватлаш учун қонунчилик ҳужжатларини қўллаш амалиётини жойига чиққан ҳолда ўрганади.

Вазирликнинг билдиришича, адлия тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий мақсади тизимда қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш ва унинг амалга оширилиш жараёнини тезкор кузатиб бориш имконини яратиш орқали халқчил, ихчам, замонавий, аҳоли учун қулай тизим яратишдан иборат.