Андижонда

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИДА ЭКОЛОГИК СИЁСАТНИНГ УСТУВОРЛИГИ МУҲИМ


12.06.2023   605

Ўзбекистон Экологик партиясидан мамлакатимиз Президентлигига кўрсатилган номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Андижон вилоятидаги ишончли вакили Ҳокимхон Максумовнинг сайловчилар билан Балиқчи туманидаги учрашуви аввалида йиғилганлар номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти билан яқиндан таништирилди.

  • Давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси”ни қабул қилиш мақсадга мувофиқ, - дейди ишончли вакил Ҳ.Максумов. – Шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган “Яшил энергетика Стратегияси”ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифлар дастурнинг моҳиятини очиб беради.

Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, пестицидлардан фойдаланишдан воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон — 2030” дастурини, тармоқлар ва ҳудудларнинг «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси»ни ишлаб чиқиш, “Яшил виза” дастурини жорий этиш, юк ташишни йирик машиналардан темирйўлларга ўзгартиришга қаратилган чораларни амалга ошириш кўзланмоқда.

Шаҳарлар Бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозликда жамоатчилик назоратини кучайтириш таклифларига эътибор қаратилди. Дастурда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда экологик қонунчиликни кодификация қилиш орқали Экология, Сув, Ўрмон кодексларини қабул қилиш, экологик суғурталаш тизимини ривожлантириш кабилар ҳам таклиф этилганлиги таъкидланди.