Давр нафаси: аёллар ва болалар ҳуқуқлари мустаҳкам ҳимояда
17.07.2026 10
Бугунги тезкор замон оила институтини янада мустаҳкамлашни, айниқса, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини давлат даражасида кафолатлашни талаб этмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги Фармони бу борада янги стратегик даврни бошлаб берди.
Ушбу ҳужжат ижроси ўлароқ, барча туман ва шаҳарларда хотин-қизларни таз-йиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда эрта никоҳларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Эрта никоҳ нафақат қонунбузарлик, балки ёш қизларнинг келажаги, соғлиғи ва таълим олишига қўйилган тўсиқдир.
Фармонга мувофиқ, никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ ва тугал асослари белгиланмоқда. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала томон камида 21 ёшга тўлиб, биринчи марта оила қураётган ёшлар давлат томонидан алоҳида қўллаб-қувватланади. Агар бундай ёш оилалар Ижтимоий реестрга киритилган бўлса, уларга тақдим этиладиган субсидия, грант ва ссудалар 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади.
Оилада соғлом ҳуқуқий муҳитни яратиш ва ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини кафолатлаш учун никоҳ шартномаси маданиятини юксалтириш муҳим. Букелажакдаги мулкий низоларнинг олдини олади,оилавий ажрашишлар сони ва уларнинг салбий оқибатларини камайтиришга ҳамда ёшларнинг оила қуришга фақат ҳис-туйғулар билан эмас, балки жиддий ва масъулиятли ҳуқуқий қадам сифатида қарашини таъминлайди.
2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида «Oʻsmir-signal» модули ишлаб чиқилиши белгиланмоқда. Тизим соғлиқни сақлаш, таълим, ФҲДЁ ва ижтимоий ҳимоя соҳаларининг ахборот базаларини ўзаро боғлайди. Масалан, шифохонага вояга етмаган қизнинг ҳомиладорлиги бўйича мурожаат тушса, тизим «Электрон ҳукумат» платформаси орқали сониялар ичида бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳамда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига автоматик сигнал юборади.
Бу занжир орқали нафақат қонунбузарлик фош этилади, балки «Инсон» марказлари томонидан қийин аҳволда қолган қизга зудлик билан ижтимоий, руҳий ва ҳуқуқий кўмак берилади. Бу оила мустаҳкамлиги ва фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилишда янги давр бошланганидан далолатдир.
Оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчи ёшлар учун «маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус бепул курслари ташкил этилади. Унга кўра, курслар жорий йилда 50 фоиз ёшларни, 2027 йилда 60 фоиз ёшларни, 2030 йилгача 100 фоиз ёшларни қамраб олиш кўзда тутилмоқда.
Ҳозирданоқ, вилоятнинг барча ҳудудларида «маҳалла еттилиги» иштирокида оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича доимий ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.
Фармон билан хотин-қизларнинг оилавий масъулият (оналик ва фарзанд тарбияси) туфайли олий маълумотсиз қолиб кетишининг олдини олиш ва уларга ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши учун «иккинчи имконият» тақдим этилди. Янги тизим қизларга оналик бахтини таълим билан бир вақтда олиб бориш имконини беради.Эндиликда, курсдан курсга қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган қизларга фанлар фарқини қайта топшириш орқали ўқишини давом эттириш имкони берилмоқда. Фанлар фарқини мустақил ўзлаштириш учун қўшимча муддат ва зарур шароитлар яратилади. Академик таътил даврида қизларнинг хоҳишига кўра масофавий (онлайн) таълим шаклида ўқишни давом эттириш тизими йўлга қўйилмоқда. Бу тизимнинг бош мақсади – “Билимли аёл - жамият кўзгуси” тамойили асосида, ҳар қандай оилавий шароитда ҳам қизларимизнинг олий маълумотли мутахассис бўлиб етишишларига давлат даражасида кафолат беришдир.
Шунингдек, жабрланган хотин-қизларни реал вақт режимида ҳимоя қилиш учун замонавий рақамли технологиялар ишга солинмоқда. Ҳимоя ордери берилган аёлларнинг телефонларига уларнинг розилиги билан «my.ihma.uz» мобил иловаси орқали зудлик билан хабар бериш имконини берувчи «SOS» чақирув тугмаси ўрнатилиши, бу хавф туғилганда ички ишлар органлари ва ижтимоий хизмат ходимларининг воқеа жойига сониялар ичида етиб боришини таъминлайди.
Вилоятимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар шунчаки вазифа эмас, балки ҳар бир хонадон тинчлиги, ҳар бир аёлнинг бахти ва ҳар бир боланинг порлоқ келажаги учун ташланган муҳим қадамдир.
Жасурбек Иброҳимов,
Омбудсманнинг вилоятдаги
минтақавий вакили.
