Атрофга назар

«ДАВРБАНК»КА НИСБАТАН БЕЛГИЛАНГАН ТАРТИБДА ЖАРИМА САНКЦИЯСИ ҚЎЛЛАНИЛДИ


09.04.2022   514

Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига бу борада мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу мурожаатлар ўрганилганда кафил ёки биргаликда қарз олувчи ҳисобланмаган фуқароларнинг банк карталари қонун ҳужжатларига риоя қилинмаган ҳолда уларнинг розилигисиз тижорат банки томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредит қарздорлигини сўндириш учун бириктирилиб, маблағлар ечиб олиш амалиёти йўлга қўйилганлиги аниқланди.

Бундай амалиётни йўлга қўйган “Даврбанк”ка нисбатан белгиланган тартибда жарима санкцияси қўлланилди. Шунингдек, банкка фуқароларнинг банк ҳисобварақларидан (шу жумладан, банк карталаридан) маблағларни қонунчиликка зид равишда уларнинг розилигисиз ҳисобдан чиқариш амалиётига чек қўйиш ҳамда фуқаролардан шу мазмунда шикоятлар келиб тушганда ушбу маблағларни қайтариб берилишини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати тижорат банкларининг инсофсиз хизмат кўрсатиш амалиётларига қарши туради ҳамда кредит қарздорликларни учинчи шахслар ҳисобидан сўндиришда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишга чақиради.

Шу ўринда барча тижорат банкларига “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 57-моддасида банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги учун банкка нисбатан чоралар кўрилиши белгиланганлигини эслатиб ўтиш жоиз.

Манба: Central Bank of Uzbekistan