Атрофга назар

Демократик жараёнларда сиёсий институтларнинг ўрни ва роли қандай?


19.12.2023   1366

“Институт” лотинча “institutum” сўзидан олинган бўлиб, “ўрнатиш” ёки “ташкилот” деган маънони англатишидан келиб чиқиб, унга этимологик нуқтаи назардан деярли сўзма-сўз бўлган талқинни дастлаб М.Вебер берган эди. Шунга кўра, давлат институтнинг асл кўринишидир, у хатти-ҳаракатлари рационал кўрсатмаларга (конституция меъёрлари, қонунлар ва ҳ.к.) асосланадиган инсонлар ҳамжамиятини ташкил қилади. Умуман, сиёсий институт, бу - сиёсий тизим ҳосил этувчи, сиёсий фаолиятнинг турли соҳаларини мувофиқлаштирувчи, уларни роллар ва мақомлар тизимига ташкиллаштирувчи, расмий ва норасмий қоидалар, принциплар, меъёрлар, кўрсатмаларнинг барқарор мажмуидир.

Бунда сиёсий партияларнинг фаолияти муҳим ўрин тутади. Улар алоҳида олинган фуқаролар, ижтимоий табақалар ва гуруҳлар манфаатларини бирлаштириб, уларни сиёсий манфаатлар мажмуаси даражасига кўтаради, ўзи таянувчи ижтимоий қатлам ваколатларини сиёсий тизимда ифода этади.

Мамлакатимизда сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг жамият институти сифатидаги ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонларида яққол кўзга ташланади.

Бугун мамалакатимизда мавжуд Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси, Ўзбекситон Халқ демократик партияси, “Аодалат” социал демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияларининг умумий аъзолари сони 3 миллион 423 минг 981 нафарни ташкил қилмоқда.

Сиёсий партиялар томонидан ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, истеъдодли ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, қонунчиликни янада такомиллаштириш ва бошқа шу каби долзарб масалаларда ўқув-семинар, давра суҳбати, кўрик-танлов, мақсадли акциялар каби 100 дан зиёд турли шакл ва номдаги амалий лойиҳалар ва тадбирлар амалга оширилган.

Жумладан, ЎзЛиДеП томонидан “Бунёдкор аёллар”, “Бир депутат юз аёлга кўмакчи”,“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови, “Келажак депутатлари”, “Агар мен депутат бўлсам”,“Янги авлод кадрлари”, “Ёш раҳбарлар лабораторияси”, “Келажакка касб-ҳунар билан”, “Start-up Invest”, “Start-up Innovatsion”, “Start-up Export”, “Ташаббускор ёш фермер”, “Ёш муваффақиятли тадбиркор”, “Ёш олимлар лигаси”, “ЎзЛиДеП кутубхоналари”, “ЎзЛиДеП кубоги”, “Хавфсиз интернет”, “1+1”, “Тенгдошман”, “Ёшлар ҳуқуқ тарғиботчиси” ва шу каби 20 тага яқин партиявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

ЎзМТДП томонидан “Депутат аёллар клуби”, “Депутат билан юзма-юз”, “Лидерлар онлайн мактаби”, “Уйма-уй”, “Икки оғиз гап”, “Ватандош билан суҳбат” ва “Фақат китоб ҳақида”, “Биз коррупцияга қаршимиз!”, “Интеллектуал ёшлар”, “Навоий ворислари”, “Хизмат-беминнат”, “Нодираи давронлар” каби лойиҳалари ташкил этилган.

ЎзХДПнинг эса “Аёллар ижтимоий ҳимояси-ижтимоий фаоллик пойдевори”, “Аёллар билан юзма-юз”,“Эзгу ғоядан-эзгу мақсад сари” шиори остида “Беш ташаббус-беш имкон”, “Меҳр улашинг”, “Болаларга беринг дунёни”, “Болаларга бахт улашиб”, “Депутат ва ёшлар”, “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз”, “Мен Ўзбекистон ХДПни танладим”, “Сафимиздаги ёшлар”, “Қонунчилик ёшлар нигоҳида”, “Ёш етакчи” лойиҳалари, айниқса, диққатга сазовор.

“Адолат” СДПнинг “Муаммо билан юзма-юз”, “Бор меҳримиз сенга, болажон!”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Бир ойда – бир иш ўрни”, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи”, “Депутат ва ёшлар” лойиҳалари ҳамда Экологик партиянинг “Ёшларда экологик маданият, таълим-тарбияни юксалтириш”, “Депутат ва Ёшлар”, “Табиатни пластик ва полиэтиленлардан асрайлик”, “Экологик ойлик”, “Табиат учун ғамхўрмиз”, “Экология болалар нигоҳида”,“Сувни биргаликда асрайлик!”, “Биз келажак учун жавобгармиз”, “Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни” каби лойиҳалари алоҳида эътирофга муносиб.

Айтиш жоиз, сиёсий институтлар фаолиятининг самарадорлигини оширишида ёшлар ва хотин-қизлар сиёсати, муносабатлари ва қарашлари ҳақида аҳолига, кенг жамоатчиликка ахборот етказиб бориш тизими, иш шакли ва услубларини янада яхшилаш керак. Бунинг учун уларнинг сайтлари, ижтимоий тармоқлари ва саҳифаларини замон талабларидан келиб чиқиб, ёшлар учун фойдаланиш, маълумот олиб, таклиф ва мурожаат юбориш, мулоқот қилиш учун қулай шаклда ишлаб чиқиш ва юритишни йўлга қўйиш, партияларнинг марказий ва маҳаллий нашрларида ёшлар ва хотин-қизларга оид давлат ва партиянинг сиёсатини ёритиш учун янги махсус рукнни йўлга қўйиш ҳамда саҳифа ажратиш, веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида видео ва инфографика шаклидаги маълумотларни жойлаштиришни йўлга қўйиш зарур.

Нозимжон ЭРГАШЕВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси