Долзарб 90 кунлик: Ёз имкониятлар фасли
14.06.2025 883
Айни кунларда талабалар ўқув жараёнларини тамомлаб, иккинчи семестр якуний имтиҳонларида ўз билим ва малакаларини синовдан ўтказмоқдалар.Дам олиш мавсуми бошланаётган бўлса-да, ёз улар учун маҳорат ва тажриба орттириш борасида имкониятлар эшигини очадиган палла, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан умумтаълим мактабларида старт олган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси бўлғуси педагог кадрлар учун жуда муҳим ташаббус бўлди. Лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича манзилли аниқ режалар асосида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ёзги таътилни самарали ташкил этиш бўйича берилган топшириқларнинг асосий мақсади — ота-оналар ишда бўлган пайтда болаларнинг вақтини уйда бекор ўтказишининг олдини олишдир. Шу сабабли ҳар бир мактабда кундузги оромгоҳлар ташкил этилиб, уларда спорт, рассомчилик, шахмат, шашка каби саккизга яқин йўналишда тўгараклар фаолияти йўлга қўйиляпти.
“Долзарб 90 кун” давомида ҳар куни маданият ва истироҳат боғларида, маданият марказларида концерт дастурлари, маҳорат сабоқлари, кўргазмалар ва ижодий тўгараклар ўтказилади.
Ана шу жараёнларда бизнинг Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети талабалари ҳам фаол иштирок этиш ташаббуси билан чиқмоқдалар. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келиб таҳсил олаётган ёшларимиз таътил даврида ўзи таълим олган мактабларда лойиҳа доирасидаги тадбирларда педагогларга яқин кўмакчи бўлишни режа қилиб олдилар.
Жумладан, ўқиш ва жамоат ишларида фаол бўлган андижонлик талабаларимиз Зиёдахон Мадаминжонова Қўрғонтепа туманидаги 5-;Хусниябону Қодирова Жалақудуқ туманидаги 22-; Бахтиёр МаҳмудовБўстон туманидаги 4-умумтаълим мактабида ёзни ўқувчилар билан бирга ўтказиш учун қизиқарли ва мароқли режаларни тузиб олишган.
Ёзги мавсумда футбол, волейбол, миллий кураш, енгил атлетика, сузиш, шахмат каби спорт турлари бўйича мусобақалар, “Янги Ўзбекистон олимпиячилари”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “5 минг қадам юриш марафонлари” каби ташаббуслар орқали 490 мингга яқин ёш спорт фаолиятига жалб қилинади. Бугун спортчиларимиз маррани баланд олиб жаҳонга юзланаётган бир вақтда ҳар бир йўналишнинг дунё тан олган соҳага оид ибораларини ёшликдан ўзлаштириб бориш муҳим вазифага айлангани сир эмас. Жаҳон тилларини билиш, унда бемалол сўзлаша олиш спортчининг яна бир ютуғи ҳисобланади. Шунинг учун инглиз, немис, испан, француз, япон, корейс, араб сингари кўплаб тилларни билган талабалар бу борада ўзлаштирилиши осон ва енгил бўлган ноананавий усулларда машғулотлар ўтишни ҳам мақсад қилдалар.
Шунингдек, ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга оид “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа”, “Ёш китобхон оила”, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилади.
“Маънавият фестивали” доирасида “Зукко болажон”, “Китобхон ёш – 2025”, “Кино-карвон” лойиҳалари ҳамда шоир, ёзувчи, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар ва уларнинг янги чоп этилган китоблар тақдимоти ва маданий тадбирлар ташкил этилади. Ўқувчиларни тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар билан яқиндан таништириш бўйича “Вилоят бўйлаб саёҳат” лойиҳалари амалга оширилади.
Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида, дуал таълим концепцияси бўйича потенциал иш берувчи ва таълим ташкилотлари ўртасида ёз ойларида ҳамкорликда фаол иш олиб бориш устувор вазифа сифатида белгиланган.
“Долзарб 90 кун” дастури ёзги таътилни нафақат дам олиш, балки ўқувчи-ёшлар учун ўсиш, ўрганиш, ривожланиш ва янги имкониятлар сари йўл сифатида қаралаётганини кўрсатмоқда. Мазкур ташаббус келажак авлоднинг соғлом, билимли ва фаол бўлиб улғайиши учун муҳим замин яратади.
Собир ХАМЗАЕВ,
ЎзДЖТУ инглиз тили назарий аспектлари1 кафедраси доценти.
