Атрофга назар

Долзарб: Беҳудага сувни исроф қилмайлик!


24.10.2023   99

4 ёки 5-синфда ўқиган пайтларим мактабимизга Франциядан меҳмонлар келишганди. Улар дунё бўйича болалар орзулари ҳақида маълумот тўплаб, энг гўзал орзулар рўйхатини тузар ва қандайдир машҳур журналда уларни чоп этишар экан. Биз ҳам синфдошларим билан орзуларимиз ҳақида айтиб бердик. Эсимда, мен булутларни ёриб ўтишни, катта, мултьфилм қаҳрамониникидек кутубхонам бўлишини ва илмий-тадқиқотлар ўтказиб, шўр сувларни чучук сувга айлантиришни орзу қилишимни айтиб бердим.

Болалик туйғулари беғубордир. Биз пойтахтда истиқомат қилсакда, ёзги таътилда бобо-бувимларникига қишлоққа кетардик. Ўша пайтлар ичимлик суви танқис эди. Икки қишлоқ нариёғидан ер остидан чиқадиган сувга навбатда туриб, қўлимизга катта челакларни олиб, 2-3 марталаб қатнаб сув таширдик. Бобомдан "Нега окаеанлар тўла сув, лекин кўп жойларда сув танқис, ўшалардан фойдаланилса бўлмайдими", деб сўраганимда, улар," Океан суви шўр сув, ичишга яроқсиз", деган эдилар. Менимча шу сабабли ҳам кичик орзулар қаториги шўр сувни ичимлик сувига айлантириш каби фикр келгандир.

Ҳозирги кунлар, жўмраклардан жилдираб сувлар оққан, келинчаклар ҳув ўша, олис қишлоқдан сув ташишмайди. Ариқлардаям зилол сувлар оқмоқда. Лекин кўп жойларда кранларнинг жўмраги ишламайди. Сувлар беҳуда оқиб, увол бўлади. Бир пайтлар томчи обиҳаётга муштоқ бўлган даврлар ёддан чиқди. Ичимлик сувлари машина ювиш шохобчаларию гилам ювишга, яна аллақандай кераксиз жойларга хизмат қиляпти. Бу муаммо ҳаммага, халққа тегишли. Эртамиз яшиллиги, экология тозалиги энг аввало шунга боғлиқ. Келажак авлодга сувсиз чўлликни ҳадя қилиб кетолмаймиз ахир.

Бузилган жўмракларни тузатиб қўйсак, беҳудага сувни исроф қилишдан тийилсак, фарзандларимизгаям гўзал яшил макон мерос қила оламиз.

Айтганча, ўша машҳур журналда менинг сув ҳақидаги орзуим ҳам чоп этилганди.


Моҳигул СИДДИҚОВА.