Атрофга назар

Дубайдан хушхабар


13.11.2023   110

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида енгил атлетиканинг ярим марафон йўналиши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари 2 та кумуш медални қўлга киритди.

Қитъанинг энг маҳоратли марафончилари иштирок этган мусобақанинг яккалик йўналишида 1 соат 13 дақиқа 29 сония натижа қайд этган ҳамюртимиз Ситора Ҳамидова кумуш медалга сазовор бўлди. С. Ҳамидова ушбу натижа орқали 5 йил аввал ўзи ўрнатган Ўзбекистон рекордини янгилашга эришди. Мазкур дастурда иштирок этган терма жамоамиз аъзоларидан Марина Хмелевская саккизинчи, Азиза Миракбарова ўн еттинчи бўлиб маррага етиб келди. Мусобақанинг олтин медали Япония, бронза медали эса Қирғизистон терма жамоаси аъзосига насиб этди.

Дубай шаҳрида поёнига етган ярим марафон йўналишида уч нафар спортчимизнинг умумий ҳисобдаги 3:46:08 натижаси қитъа чемпионатининг жамоавий дастурида кумуш медалларни эгаллашига хизмат қилди. Ушбу йўналишда Қирғизистон жамоаси олтин, Ҳиндистон вакиллари бронза медалига мушарраф бўлди.