Андижонда

ДЎСТЛИК КУБОГИ УЧУН БЕЛЛАШУВ


09.05.2022   276

Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳар маданият бошқармаси ташаббуси билан Ўш шаҳрида “Дўстлик кубоги учун” футбол мусобақаси бўлиб ўтди. “Ўзбекконцерт” ДМ Андижон вилоят бўлими ҳамда ўшлик санъаткорлардан ташкил топган икки жамоанинг ўзаро беллашуви чинакам санъат байрамига айланиб кетди.

-Футбол мусобақасида дўстлик ғалаба қозонди, - дейди “Ўзбекконцерт” ДМ Андижон вилоят бўлими раҳбари Акрамжон Маматов. – Аслида бу беллашув икки қардош халқлар ўртасидаги меҳр-оқибатни, оға-инилик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Аввало, шундай таклиф билан мурожаат қилган Ўш шаҳар маданият бошқармасига ташаккуримизни билдирмоқчимиз. Ушбу мусобақа орқали икки миллат вакиллари бир-бирларига санъатларини тақдим этишди, тажриба алмашишди, фикрларини ўртоқлашишди.

Мусобақа якунида “Футбол-шоу” дастури намойиш этилди. Тантана давомидаги “Оғалар” ҚВЗ жамоасининг чиқишлари барчага юқори кайфият, табассум улашди.

Зилола РАҲМОНОВА.